Қозоғистон Ғазо аҳолиси учун озиқ-овқат ёрдами дастури ташкил этишни таклиф қилди
(last modified Sun, 12 Nov 2023 09:35:45 GMT )
ноябр 12, 2023 14:35 Asia/Tashkent
  • Қозоғистон Ғазо аҳолиси учун озиқ-овқат ёрдами дастури ташкил этишни таклиф қилди
    Қозоғистон Ғазо аҳолиси учун озиқ-овқат ёрдами дастури ташкил этишни таклиф қилди

Қозоғистон ҳукумати Ғазо сектори аҳолисига озиқ-овқат билан боғлиқ гуманитар ёрдам дастурини амалга ошириш учун Озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ҳамкорлик ташкилотидан фойдаланишни таклиф қилмоқда.

Бу ҳақда Ар-Риёдда бўлиб ўтган Араб давлатлари лигаси ва Ислом ҳамкорлик ташкилотининг (ИҲТ) навбатдан ташқари қўшма саммитида Қозоғистон Бош вазири ўринбосари, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу маълум қилди.

  • “Қозоғистон барча халқаро ва гуманитар ташкилотларни Ғазо секторидаги ҳозирги ўта оғир вазиятга аралашишга чақиради. Шунинг учун биз озиқ-овқат хавфсизлиги бўйича Ислом ташкилотининг мавжуд механизмидан Ғазо аҳоли учун фавқулодда гуманитар озиқ-овқат дастурини амалга оширишни таклиф қиламиз", деган Нуртлеу. 

Унинг сўзларига кўра, ИҲТга аъзо давлатлар ушбу институтдан гуманитар офат оқибатларини юмшатиш ва жабрланган ҳудудларда яшаш шароитларини тиклаш учун фойдаланиши мумкин.

Қозоғистон ТИВ раҳбари ҳозирда Ғазо секторида бўлган Қозоғистоннинг 150 дан ортиқ фуқароси, жумладан, аёллар ва болалар Рафаҳ назорат-ўтказиш пункти орқали ҳудудни тарк эта олмаётганидан хавотир билдирди. У Миср ва барча манфаатдор томонларни Қозоғистон фуқаролари, уларнинг оила аъзолари ва бошқа хорижликларни Ғазо секторидан эвакуация қилишга рухсат беришга чақирди. Унинг сўзларига кўра, Қозоғистон республика фуқаролари Рафаҳдан ўтишга рухсат берилган заҳоти дарҳол уларни ўз ватанига қайтишини таъминлаш чораларини кўрган.

Қирғизистон Фаластин халқига ёрдам кўрсатишни бошлашга тайёр – Жапаров 

Шунингдек, яна бир хабарга кўра, Ар-Риёдда бўлиб ўтган Ислом ҳамкорлик ташкилотининг навбатдан ташқари саммитида Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳам маълум қилди:Халқаро ҳамжамият Ғазо секторида тинч аҳолига қилинган ҳужумларни кенг миқёсда қоралаши керак. 

"Ғазо секторидаги жанглар Фаластин халқи учун кенг кўламли қурбонлар ва азоб-уқубатларга олиб келди, бу мисли кўрилмаган инсонпарварлик фалокатидир. Бегуноҳ инсонларнинг, жумладан, гўдаклар ва аёлларнинг ҳалок бўлиши қабул қилиниши мумкин эмас ва бу халқаро ҳамжамият томонидан кенг миқёсда қораланиши керак. Фуқаролар инфратузилмасига, мактабларга, шифохоналарга ва уйларга қилинган ҳужумлар нафақат халқаро гуманитар ҳуқуқнинг, балки инсон ҳуқуқларининг жиддий бузилишидир”, деган Қирғизистон Президенти.

“Қирғизистон Республикаси Ғазо секторидаги тинч аҳолининг азоб-уқубатларини енгиллаштириш учун гуманитар ёрдам кўрсатишга тайёр. Фаластинлик биродарларимизни ташқи тажовуз ва бегуноҳ одамларнинг қурбон бўлишига чек қўйиш ва инсонпарварлик ёрдамини кўрсатишни умумий масъулиятимиз деб ҳисоблаймиз”, деган Жапаров.

  • Унинг таъкидлашича, Фаластин халқи мустақил давлат яратиш ҳуқуқига эга. Шу муносабат билан Қирғизистон БМТ Хавфсизлик Кенгаши ва Бош Ассамблеяни Ғазо секторида “зўравонликни тўхтатиш ва инқирозни ҳал қилиш” учун қатъий чоралар кўришга чақиради.

"Можаро томонлари ўз фуқаролари ҳаётини ҳимоя қилишни биринчи ўринга қўйиши ва БМТнинг асосий ҳужжатларида мустаҳкамланган халқаро гуманитар ҳуқуқнинг универсал қоидаларини ҳурмат қилиши жуда муҳим. Исроил-Фаластин можаросига ечим излашда адолат, тенглик ва инсон ҳуқуқларини ҳурмат қилиш тамойиллари асосий роль ўйнаши керак”, деган Қирғизистон раҳбари.

Ёрлиқ