Ўзбекистон ва Афғонистон тадбиркорлари учрашдилар
Ўзбекистон ҳукумати делегациясининг Афғонистонга ташрифи доирасида икки мамлакат тадбиркорлари билан учрашув ўтказилди.
Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ҳамда Афғонистон бош вазири вазифасини бажарувчи Абдул Ғани Бародар Қобулда афғонистонлик ва ўзбекистонлик тадбиркорлар билан учрашув ўтказди.
Спутник сайтининг хабар қилишича, учрашув Ўзбекистоннинг Афғонистон билан яхши қўшничиликка асосланган дўстона ва ўзаро манфаатли муносабатларни янада кенгайтириш мақсадида ташкил этилган. Унда икки мамлакат тадбиркорлари учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида сўз юритилди.
Учрашувда қуйидагилар маълум қилинди:
Жорий йил 1 октябрдан икки мамлакат ўртасида Имтиёзли савдо келишуви ишга тушади.
Ушбу ҳужжат доирасида келишилган 14 хил маҳсулотга импорт божлари бекор қилинади ва экспортёрлар учун қулайлик яратилади.
Афғонистондан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари импортини янада ошириш мақсадида фитосанитар рухсатнома бериш тартиби енгиллаштирилди.
1 августдан Айритом-Хайратон чегара пости 24 соатлик иш режимига ўтказилди.
Халқаро Термиз савдо марказига ташриф буюрувчилар учун 15 кунлик визасиз режим жорий қилинади ва барча солиқлардан озод этилади.
Афғонистонлик тадбиркорларни мамлакатда фаол ишлаши учун икки давлат ўртасида инвестицияларни ўзаро рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги келишув имзоланди.
Очиқ мулоқот шаклида ўтган учрашувда Ўзбекистонда тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар ҳақида ҳам атрофлича маълумот берилди.
Учрашувларда Афғонистон билан савдо алоқаларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги самарали ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга олиб чиқиш, мис, темир, нефть-газ конларини биргаликда ўзлаштириш лойиҳаларини амалга ошириш, шунингдек, транспорт-логистика, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, ҳудудлараро муносабатларларни янада чуқурлаштириш юзасидан атрофлича фикр алмашилган.
Шунингдек, ўзаро савдо айланмасини 2024 йилда 1 миллиард долларга, яқин йилларда эса 3 миллиард долларга етказиш бўйича барча имкониятлар мавжудлиги, бунинг учун ишга солинмаган ресурсларни ўзаро манфаатли асосда амалиётга изчил татбиқ этиш лозимлиги алоҳида таъкидланди.