Нуриддин Исмоилов ва Танзила Нарбаева МДҲ бош котиби билан учрашдилар
(last modified Tue, 29 Oct 2024 10:17:42 GMT )
октябр 29, 2024 15:17 Asia/Tashkent
  • Нуриддин Исмоилов ва Танзила Нарбаева МДҲ бош котиби билан учрашдилар
    Нуриддин Исмоилов ва Танзила Нарбаева МДҲ бош котиби билан учрашдилар

Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси спикери Нуриддин Исмоилов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигининг (МДҲ) бош котиби Сергей Лебедев бошчилигидаги делегация аъзолари билан учрашди

Спутник сайтининг хабар қилишича, учрашувда Лебедев Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловида халқаро кузатувчилар сифатида иштирок этиш учун 8 та МДҲ мамлакатларидан 167 нафар кузатувчи сайлов участкаларида кузатувлар олиб борганлигини қайд этди.

“У сайлов участкаларида сайловчилар учун барча қулайликлар, зарур шароитлар яратилгани, жумладан, ногиронлиги бўлган фуқаролар ва кекса ёшдаги сайловчиларга бўлган эътибор ва муносабат халқаро кузатувчилар томонидан юқори баҳоланганини билдирди”, — дейилади хабарда.

Делегация раҳбари ўз сўзида кузатув давомида сайловларга тайёргарлик кўриш жараёни бўйича кенг миқёсда ва холис баҳо олинганини қайд этди.

Шунингдек, Сергей Лебедев Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Нарбаева билан ҳам учрашди.

Ўзбекистоннинг МДҲ ташкилоти ва унга аъзо мамлакатлар билан фаол мулоқоти ҳамда ташаббуслар билан иштирок этиши қайд этилиб, келгусида ҳам иқтисодий, маданий-гуманитар йўналишларда ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.Эслатиб ўтамиз, 27 октябрь куни Ўзбекистон Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайлови бўлиб ўтди. Унда 15 027 529 нафар сайловчи овоз берди. Хорижда овоз берганлар сони 140 388 нафарга тенг бўлди.

Ёрлиқ