Тошкентда қимматбаҳо машиналар "овланяпти"
“Йўл қоидаси – умр фойдаси” номи остида 10 октябрдан буён ўтказилаётган рейдларда ҳозиргача ўнлаб қимматбаҳо машиналар ушланиб, “жазо майдончаси”га жойлаштирилган.
Пойтахт Тошкентда Йўл-патрул хизмати (ЙПХ) ходимлари “асосан” қимматбаҳо автомобиллар эгаларини турли қонунбузарликларда айблаб, уларга тегишли автомобилларни ушлаб, жарима майдонига жойлаштирмоқда.
ОАВ ходимларига ЙПХ ходими рейдлар бутун Тошкент бўйлаб Миллий хавфсизлик хизмати (МХХ) ходимлари ҳамроҳлиги ва назорати остида ўтказилаётганини айтди.
Исмини сир сақлаш шарти билан ОАВга гапирган ЙПХ зобити “асосан қиммат машиналар эгалари” нишонга олинаётганини эътироф этди.
“Тўғри, асосан қиммат машиналар эгаларини ушлаяпмиз. Машиналарини тортиб олиб, "штрафная площадка"га жойлаштираяпмиз. Охирги пайтларда ГАИ ходимларини менсимайдиган бойваччалар кўпайиб кетганди. Шунинг учун уларнинг танобини тортиб қўйишга ҳаракат қилаяпмиз. Штрафни тўлаганлар яна машиналарини қайтариб олаяпти,” деди у.
ЙПХ ходими жаримага тортилган автомобиль эгалари орасида ҳукумат мулозимлари борлигини ҳам билдирди.
Тошкент шаҳрида 115 та чорраҳага видео кузатув мосламалари ўрнатилган.