Ўттиз тўрт йиллик сир: Шароф Рашидовнинг хос соқчиси билан суҳбат
(last modified Wed, 01 Nov 2017 04:51:12 GMT )
ноябр 01, 2017 09:51 Asia/Tashkent
  • Садулло Муродиллоев
    Садулло Муродиллоев

Садулло Муҳаммадқулов Ўзбекистон Компартияси Марказий Комитетининг биринчи котиби Шароф Рашидовга хос соқчи этиб тайинланганида атиги 28 ёшда бўлган. Бу лавозимга келиш олдидан у мактабда ўқитувчилик қиларди. Математик қай тарзда тан соқчи бўлишга эришди?

ТОШКЕНТ, 31 окт — Sputnik, Дилшода Раҳматова. Бугунги суҳбатдошимиз Ўзбекистон Республикаси хавфсизлик хизматида узоқ йиллар хизмат килган, мамлакатнинг уч раҳбари — Шароф Рашидов, И.Усмонхўжаев ва И.Каримовга тансоқчилик қилган — захирадаги полковник Муҳаммадқулов Садулло Муродиллоевич бўладилар.

Собиқ комиссар (собиқ Иттифоқ даврида тан соқчилар худди шундай аталган, таҳр.) кўпчилик учун қизиқ ва шу билан бирга сирли бўлган тансоқчилар ҳаёти ҳақидагина эмас, балки бугун Ўзбекистон 100 йиллик юбилейини нишонлаш арафасида турган атоқли давлат арбоби ва ёзувчи — Шароф Рашидовнинг ҳаёти, феъл-атвори, сиёсий ва психологик портрети ҳамда Ш. Рашидов раҳбарлик қилган даврда Ўзбекистон жаҳонда қандай мавқега эга бўлганлиги ҳақида сўзлаб бердилар.Садулло Муродиллоев суҳбат аввалида нега айнан бугунга келиб ўз фаолияти ҳақида гапиришга қарор қилганликлари ҳақида тўхталиб ўтдилар.

“Энг аввало айтиш жоизки, тансоқчи деган ибора бизда камдан-кам қўлланилади. Собиқ совет Иттифоқида қўриқланаётган шахсга бевосита хизмат қилган шахс — давлат хавфсизлигидан бириктирилган офицер дейилар эди. Чет элни мисол тариқасида оладиган бўлсак, “Хос сокчи” (“Телохранитель”) номи билан бир неча фильмлар суратга олинган. Уларнинг бирида Америка Президентининг хавфсизлигини таъминлаш ҳақида, иккинчисида машҳур қўшиқчининг хавфсизлигини, яна бошқасида эса катта бизнесменнинг хавфсизлигини таъминлаш ҳақида ҳикоя қилинади. Бизда эса бу хизмат ҳақида маълумот деярли йўқ. Шу боис, орадан 34 йил ўтиб, мен Ўзбекистон республикасидаги хос соқчилик фаолияти ҳақида гапириб беришга қарор қилдим.

“Очиғини айтаман, болалигимда тансоқчи бўламан деб орзу қилмаганман, — деб ҳикоясини бошлади суҳбатдош. Ҳар гал янги китобни ўқиб тугатишим билан орзуларим ҳам ўзгарар эди: олим, инженер, учувчи, танкист, разведкачи ёки милиция ходими…”

Суҳбатдошимиз мактабда аъло баҳоларга ўқиб, ўқишни олтин медаль билан битиргач Самарқанд давлат университетининг математика факультетига ўқишга киради ва маълум муддат ўз она қишлоғида математика фани ўқитувчиси бўлиб ишлайди ҳам.

“Математика фани ўқитувчиси бўла туриб, бу лавозимига қандай келиб қолдингиз?”, деган саволга у қуйидагича жавоб берди:

“Маълум муддат мактабда ишлагач, ишнинг бир хиллигидан зерикиб, милицияга ўтишга қарор қилдим. Аммо тақдир тақазоси билан хавфсизлик органига ишга келганман. Самарқанд вилояти бошқармасида 5 йилга яқин ишлаганимдан кейин мени ўша даврда жуда катта обрўга эга бўлган республика хавфсизлик комитетининг махсус бўлими — 9 бўлимга “катта хос соқчи” лавозимига тайинлашди.

Ўша вақтда республикада фақатгина 3 та хос соқчи бўлганини, уларнинг бири Совет Иттифоқи Қаҳрамони, иккинчиси подполковник бўлганини эътиборга олсак, оддий ўқитувчи оиласидан чиққан ва яқиндагина капитан унвон 28 ёшли йигитнинг бундай катта обрўга сазовор бўлиши албатта, афсонавий хол эди.Шароф Рашидовни 1976 йилдан бошлаб жуда кўп марта яқиндан кўрганман, улар Самарқанд вилоятига келганларида хавфсизликларини таъминлаш тадбирларида фаол қатнашганман.

Тадбирлар тугаши билан улар ҳар сафар хавфсизлик ходимларига қўл бериб раҳмат айтар ва хайрлашар эдилар. Уларнинг характерлари, одатлари ва бошқа хусусиятлари ҳақида маълумотга эга эдим. Иш юзасидан эса ҳар бир нутқлари, суҳбатлари, интервью ёки чиқишларини қунт билан ўрганган эдим. Лекин аввал айтганимдек, уларга яқиндан туриб хизмат қилиш хаёлимга келмаган эди.

Менинг бу ишга ўтишим ҳам маълум даражада тасодиф билан боғлик. 1980 йилнинг март ойида Самарқандда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш масалалари бўйича республика семинари Шароф Рашидовичнинг иштирокида ўтказилиши мўлжалланган эди.

Улар вилоятга келгандан кейин, мен Хавфсизлик бошқармаси режаси бўйича, Шароф Рашидович яшайдиган резиденцияда кечаси навбатчиликда туришим керак эди.

Кундузи эса ишхонада бўлиб зарур топшириқларни бажаришим зарур эди. Семинар бошланиши куни мен эрталаб соат 8 да мажлис бўладиган “Опера ва балет театри” биноси ёнидан ўтаётиб “бир хабар олай, мабодо менинг ёрдамим керак бўлиб қолар”, — деб устозим Аҳрор Акрамов ёнларига бордим.

Тасодифни қарангки, Ҳукумат аъзоларига ажратилган хонанинг хавфсизлигини таъминлаши керак бўлган ходим кечикаётганидан Аҳрор ака роса асабийлашаётган эканлар.

Мени кўриб жуда хурсанд бўлдилар ва бу хонанинг ёнидаги постга мени тайинладилар. Мен постни қабул қилиб ўша куни семинар тугагунга қадар бир неча марта Шароф Рашидовнинг “назарларига” тушдим. Шу куни Шароф Рашидовичнинг хос соқчилари бошлиғи Совет Иттифоқи қаҳрамони, полковник Боис Хамидович Эргашев билан ҳам танишдим.

Боис ака Хавфсизлик комитетининг Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Маҳмудов О. ва кадр бўйича унинг ўринбосари Панин В.К. билан суҳбатлашиб бир неча ойдан бери бўш бўлган “хос соқчи” лавозимига номзод топа олмаётганлиги ҳақида гапириб, бирорта яхши йигитни топиб беришни илтимос қилган. Улар Боис ака билан суҳбатда мени узоқдан кўрсатиб номзодимни тавсия қилган экан. Уша кунлари мени Самарқанд вилояти бошқармасининг Нарпай бўлинмасига бошлиқ этиб тайинлаш учун ҳужжатларим Тошкентга юборилган эди.

Семинар тугагандан кейин бу гапларни менга Панин В.К. гапириб берди. Кечқурун мен Шароф Рашидович яшаётган резиденцияга навбатчиликка келганимда Боис ака бир варақ қоғоз бериб ўзим ҳақимда зарур маълумотларни ёзиб беришни илтимос қилдилар.

Бир ойдан кейин эса мен билан Самарқандга келган Хафвсизлик қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари генерал-майор Левон Николаевич Мелкумов суҳбатлашди. У киши мендан ўзимнинг режаларим ва ота-онамнинг мабодо мени Тошкентга 9 — бўлимга ишга олишса розилик бериш-бермаслигини сўради.

Мен эса ҳарбий киши сифатида ҳар қандай топшириқни бажаришга тайёр эканлигимни, ота-онам ўқимишли кишилар эканликларини, улар албатта розилик беришларини таъкидладим. Суҳбат охирида мен рухсат сўраб, генералга каратеист ёки спортсмен эмаслигимни, ўқотар қуролларидан отишда ҳам олий натижаларга эришмаганимни айтдим ва мен шу лавозимга лойиқ ёки лойиқ эмаслигимни сўраганимда, Л.Н.Мелкумов кулиб, “тўғри савол бердингиз, лекин бизга спортсмен ёки мерган эмас, катта тадбирларни ўтказишга раҳбарлик қила оладиган ва алоҳида хусусиятларга эга бўлган кучли оператив ходим керак. Мен суҳбатдан олдин сиз ҳақингизда керак бўлган ҳамма маълумотларни олганман”, — деб жавоб берди.

Суҳбатдошнинг сўзларига қараганда, юксак вазифага тайинланган пайтнинг ўзиданоқ унга биргина савол тинчлик бермаган: “Мен хизматни қандай олиб бораман?” деган. “Бу мен учун ҳам қизиқарли ва бир вақтнинг ўзида мураккаб масала эди”, — иқрор бўлади у.

“1983 йилнинг 26 апрел куни мени Шароф Рашидович билан суҳбатга таклиф қилишди. Мен ва Аҳмаджон ака кабинетига кириб келганимизда, Шароф Рашидович биз билан ўрниларидан туриб қўришганликлари ҳали-ҳануз ёдимдан чиқмайди. Аҳмаджон ака Шароф Рашидовичга мен ҳақимда керакли маълумотларни бергач, у киши мен билан суҳбатга киришдилар. Ўзим ҳақимда, ота-онам ҳақида айтиб беришимни сўрадилар.

Ўзим ҳақимда қисқа гапиргач, отам ўқитувчи бўлгани, ҳозир нафақада эканликлари, онам эса уй бекасилигини, 8 нафар фарзанд тарбияси билан машғул эканликларини айтиб бердим. У киши оиламизнинг ҳар бир аъзосини исми-шарифидан тортиб, қаерда ишлашларигача сўрадилар ва суҳбат якунида Аҳмаджон акага қараб “О, мулла Аҳмаджон, ўзимиздан экану булар”, — деб айтдилар.

Сўнгра мендан “тан соқчи вазифаси нимадан иборатлигини биласизми?”, деб сўрадилар. Тахминан тасаввур қилишимни айтганимдан сўнг, “яхши” дедиларда хос соқчи эга бўлиши лозим сифатларни санай кетдилар.

Хос соқчи ким ва қандай бўлиши керак эди?

Хос соқчи биринчидан, албатта Давлат хавфсизлик комитетининг ходими бўлиши, иккинчидан, хавфсизлиги қўриқланадиган кишининг 100 фоизли ишонадиган кишисига айланиши, учинчидан, кечаю кундуз, яъни 24 соат қўриқланадиган кишининг ёнида бўлиши, тўртинчидан, у кишининг топшириқларини сўзсиз бажарилишини таъминлаши, хавфсизлик масалалари бўйича фақатгина Хавфсизлик органининг раиси, унинг битта муовини ва ўзининг бевосита бошлиғи билан ишлаши, иш юзасидан уларга айтиш мумкин бўлган маълумотларни бериши, хавфсизлиги таъминланиши керак бўлган киши ва унинг оила аъзоларига садоқат билан хизмат килиши керак эди.

Бундан ташқари, қўриқлаш деган сўзнинг маъноси хос соқчи томонидан қўриқланадиган киши ва унинг оила аъзолари учун: хафсизлик, саломатлик, тинчлик, осойишталик, ишлаш учун, бир жойдан иккинчи жойга ҳаракатини амалга ошириш учун зарур шароитларни таъминлаш, қисқаси 24 соат ичида хавфсизлигини таъминлашдан иборатдир.

Шунингдек, ўқотар қуролларидан фойдалана билиш ва яхши отиш, жисмоний қувват, қаттиққўллик, қўл жанги усулларини билиш ва энг асосийси қўриқланаётган кишига нисбатан ҳужум бўлган вақтда хос сокчи зарбага ўз гавдасини қўя билиши, зарур булса жонини беришгача булган мажбуриятларни ўз бўйнига олган бўлиши керак. Агар хаммасини лунда килиб айтсам-хос сокчи курикланадиган киши ва унинг оила аъзоларига фидойи булиши керак.

“Шароф Рашидович тан соқчи биринчи навбатда камтар, тезкор, кузатувчан, ва энг асосийси, кам гапириб, кўп эшитадиган бўлиши, кўп ўқийдиган ҳамда қилган хизматидан ҳамма мамнун бўладиган даражада сифатларга эга бўлиши кераклигини айтдилар.

Ўшанда Шароф Рашидовичга “мен сизга хизмат қилишга тайёрман. Агар лозим бўлса, сиз учун ҳаётимни фидо қилишга ҳам розиман. Мен биламан, тан соқчилик бу осон иш эмас, шу боис мен сизга ўғлинги қаторида хизмат қиламан “, — дея ваъда бердим.

Шундай қилиб, 1980 йилнинг 9 — майида биринчи кун Шароф Рашидовичнинг хос соқчиси сифатида ишга чиқдим. Бу мен учун катта шараф ва бахт, шу билан бирга камдан-кам одам тушунадиган ўта оғир масъулият эди”.

Ёрлиқ