Рус миллатчилари: Москвада Каримовга ҳайкал ўрнатилмасин!
https://parstoday.ir/uz/news/uncategorised-i25333
Турли номалар, петиция ва ташаббуслар онлайн-платформаси ҳисобланган Change.org сайтида “Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга Москвада ёдгорлик ўрнатилишига қарши” сарлавҳаси остида петиция пайдо бўлди.
(last modified 2018-08-22T17:52:48+00:00 )
ноябр 07, 2017 20:22 Asia/Tashkent
  • Ислом Каримов ҳайкали танловига қўйилган ишлардан бири.
    Ислом Каримов ҳайкали танловига қўйилган ишлардан бири.

Турли номалар, петиция ва ташаббуслар онлайн-платформаси ҳисобланган Change.org сайтида “Ўзбекистон президенти Ислом Каримовга Москвада ёдгорлик ўрнатилишига қарши” сарлавҳаси остида петиция пайдо бўлди.

Москвада Ислом Каримовга бағишлаб ҳайкал ўрнатилишига қарши петицияга имзо йиғиш бошланди. Тадбир ташаббусчиси, ЛДПР партияси намояндаси Георгий Городецкий Озодлик мухбири билан суҳбатда Россия пойтахтида “русофоб ва диктатор” Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатилмаслиги, “маданиятсиз ва ўқиш-ёзишни билмайдиган ўзбеклар”га нисбатан эса, виза режимини жорий қилиш кераклигини гапирди.

 “Биз, қуйида имзо чеккан Россия Федерацияси гражданлари, Москва мэри Сергей Собяниннинг рус пойтахтида Москва шаҳар бюджети ҳисобига Ўзбекистон биринчи президенти Ислом Каримовга ёдгорлик ўрнатилишига кескин норозилик билдирамиз. ... Эслатиб ўтмоқчимизки, Ислом Каримов Ўрта Осиёдаги русофобия, қонунсизлик ва ҳокимият узурпацияси рамзи (1990 йилнинг 24 мартидан 2016 йилнинг 2 сентябригача бошқарган) бўлиб қолган”, дейилади бу петицияда.

Мазкур чақириқ матнида Каримовнинг асосий камчиликлари сифатида унинг "русларга қарши сиёсат олиб боргани", лотин графикасини киритгани, десоветизация ва Улуғ Ватан урушига бағишлаб қурилган мемориалларни вайрон қилишдан иборат экани таъкидланган.

29 октябрь куни сайтга қўйилган бу петицияга 7 ноябрга келиб қарийб 6 минг киши имзолади.

Ўзини “ЛДПР партиясининг сўл-марказчи сиёсатчиси, Ўрта Осиё давлатлари билан виза жорий этилиши тарафдори” дея таништирган петиция ташаббусчиси Георгий Городецкий   имзоланган ҳужжат шахсан Россия президенти Владимир Путин номига юборилишини айтаган.

- Каримов Москва учун ҳеч нарса қилгани йўқ! Собяниннинг рус халқини хуш кўрмаслиги эса, анчадан буён маълум. Аммо, ўрта осиёлик золим ва русофобга сайлов олдидан ёдгорлик қўйишдан нима маъно?! Каримов шахсига келсак, у ҳокимиятни узоқ вақт қўлида тутиб келган оддий ярамас одам. У ҳокимиятни ўзига қарашли клан вакилларига топшириб, русларни ҳукуматдан, маданият, саноат ва савдодан сиқиб чиқарган. Бундай сиёсат Ўзбекистонда иқтисодни ва ижтимоий-маданий ҳаётни таназзулга учратди. Натижада, чорасиз қолган халқ республикадан қочган. Ҳозирга келиб Ўзбекистон гражданлари ертўлаларда яшашга, ҳар нарса билан озиқланишга тайёр, мақсадлари - қарийб Каримов 30 йил яккаҳукмронлик қилиб келган давлатга қайтмаслик¸ дейди Георгий Городецкий.​

Сергей Собянин қарорига биноан, Ислом Каримов ёдгорлиги Россия пойтахтида 2019 йилнинг 31 декабригача ўрнатилиши лозим.