декабр 19, 2017 12:58 Asia/Tashkent
  •  ИВВ Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни жиноятчи сифатида қидирмоқда
     ИВВ Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни жиноятчи сифатида қидирмоқда

Ички ишлар вазирлиги айни дамда она юрти Фарғонада юрган ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхонни қидирмоқда. Бу ҳақда вазирликнинг "қидирувдаги жиноятчилар" рўйхатида кўриш мумкин. Адибга нисбатан очилган жиноий иш ҳануз ёпилмаган.

Ёзувчининг исми фамилияси ва сурати остига унинг Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 159 - модда 1 - қисм ва 244 - модда прим 1, 3 чи қисми бўйича қидирувга берилгани ёзилган.

Қидирув ташаббускори Ички ишлар вазирлиги кўрсатилган.

Президент Мирзиёев томонидан қора рўйхатдан чиқарилгани айтилган ёзувчи 27 сентябр куни Истанбулдан учиб келиши билан Тошкент халқаро аэропортида ҳибсга олинганди.

Ички ишлар бошқармасида сўроқ қилинган Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Тошкент турмасига ўтказилганди.

Ёзувчининг қўлга олиниши ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларнинг кескин норозилигиа сабаб бўлган ва Ўзбекистондаги кўплаб ёзувчилар ҳам унинг ҳимоясига турган эди. Халқаро ташкилотлар ёзувчини озод қилиш талаби билан ҳукуматга мурожаат қилган.

Қўлига кишан солинганидан 4 кун ўтиб, 1 октябр, якшанба куни Ҳамза туман ички ишлар бўлими бошлиғи Нурулло Муҳаммад Рауфхонни ўз машинасида уйига олиб келиб қўйди.

Озодликка чиқарилган бўлса-да, ёзувчининг "Бу кунлар" асари сабаб очилган жиноий иш тўхтатилмаган.

Ёзувчи Нуруллоҳ Муҳаммад Рауфхон Туркияда юрган вақти "Бу кунлар" китобини чоп қилган.

Китобда Каримов режимидаги муаммолар рўйи рост кўрсатиб берилган эди.

Муаллиф президент Ислом Каримовни, ўз таъбирича, халқни "Оллоҳ берган эркинликлардан маҳрум қилиш", "шафқатсизлик ва ҳокимиятни сақлаб қолиш йўлида ҳеч нарсадан қайтмаслик"да айблайди.

Ёрлиқ