Сардор Мамадалиев: 52 ватандош хотирасига (ВИДЕО)
(last modified Tue, 23 Jan 2018 06:25:14 GMT )
Январ 23, 2018 11:25 Asia/Tashkent

Ўзбекистонлик таниқли хонанда Ақтўбе қурбонларига қўшиқ бағишлади (ВИДЕО)

Наманганлик хонанда Сардор Мамадалиев Ақтўбе қурбонлари хотирасига бағишлаб, "52 ватандош хотирасига" номли қўшиқ куйлади. Ушбу қўшиқ ижтимоий тармоқларда "Биров ўғлонмиди куёв бўлмаган..." деган сатрлари билан ёйилмоқда.

Наманганлик 32 яшар хонанда Сардор Мамадалиевнинг Қозоғистоннинг Ақтўбе вилоятидаги автоҳалокатда тириклайин ёниб кетган 52 ўзбекистонлик меҳнат муҳожирига бағишланган янги қўшиғи 20 январь куни Youtube тармоғига юкланди.

Бу 18 январь куни содир бўлган фожеада ўлганлар хотирасига куйланган илк қўшиқдир.

Сардор Мамадалиев 1985 йилда Наманган вилоятининг Чуст туманидаги Олмос қишлоғида туғилган.

У илк бор "Девонаман" қўшиғи билан ўзбекистонликлар орасида ном қозонган.

Тармоқларда Сардор Мамадалиев ижро этган "52 ватандош хотирасига" номли қўшиқнинг алам ва қайғуга тўла сатрлари қўлма-қўл тарқалмоқда.

Ушбу шеър муаллифи эса таниқли шоира Малика Салимовадир:

52 боланг ёнди дафъатан,

Э, воҳ, кулга қандай ўрайсан кафан.

Она бўл, бошинга оқ рўмолинг ёп,

Ота бўл, белингни боғла, жон Ватан!

 

Самолар зириллаб кетди фарёддан,

Дарвоза очилди тўғри Жаннатдан,

Оға бўл, елканга тобутларни орт,

Сингил бўл, дод солиб йиғла жон Ватан!

 

Ўзбегим, сен қачон қочдинг меҳнатдан,

Қайга кетмоқ бўлдинг оғир қисматдан!

Шаҳидлар шаҳрига аҳолиларинг

Сўнгги карвонларга миндир жон Ватан!

 

Ногоҳ алангага бурканганда тан,

Калима келтириб улгурдимикан.

"Ўзбекман" деганнинг жон юрагидан,

52 қабр кавла жон Ватан!

 

Бири ўғлонмиди куёв бўлмаган,

Бири йигитмиди фарзанд кўрмаган.

Ёки етим қолган гўдакларининг,

Кўзларига қандай қарайсан, Ватан!

 

Мусофирлик фақат ўзбекдамикан,

Бизнинг камимиз бор қайси миллатдан.

Берма болаларинг алангаларга,

Бевақт ажалларга берма, жон Ватан!