Илон Маск Лос-Анжелес остидаги ер ости туннелини очиб берди (фотожамланма)
(last modified Sat, 12 Jan 2019 10:41:32 GMT )
Январ 12, 2019 15:41 Asia/Tashkent
  • Илон Маск Лос-Анжелес остидаги ер ости туннелини очиб берди (фотожамланма)

Америкалик тадбиркор ва миллиардер Илон Маск Лос-Анжелес остида ўзининг яна бир компанияси - The Boring Company’нинг биринчи туннелини очди.

Бу автомобилчиларга тезроқ ва тирбандликларсиз ҳаракатланиш имконини берадиган биринчи туннел бўлди.

Маск томонидан тақдимот маросимида маълум қилинишича, туннелда тез ҳаракатланиш учун автомобиллар керак бўлганда чиқариладиган ва керак бўлмаганда олинадиган ён ғилдираклар билан жиҳозланади. Бу технологияни Маск ўзининг Tesla автомобилида намойиш этиб берди. Унинг айтишича, бундай ғилдиракларни бошқа маркалардаги автомобиллар учун ҳам тайёрлаш ва ўрнатиш мумкин.

«Бу тезлик билан шаҳар бўйлаб телепортация бўлаётганга ўхшайсан», деган у. 

Ушбу туннелда ўртача ҳаракатланиш тезлиги соатига 240 километрни ташкил этади. 

SpaceX бош офисидан бошланиб Лос-Анжелеснинг 120-кўчасида тугайдиган туннелнинг ҳозирча 3 километри очилган. Илон Маск келгусида Лос-Анжелес бўйлаб ҳайдовчисиз бошқариладиган автобуслар ва шахсий автомобилларга мўлжалланган ер ости йўлларини бунёд этишни режалаштирмоқда. 

Қайд этиш керакки, туннел дастлаб автомобиллар учун мўлжалланган, бироқ кейинроқ Маск концепцияни пиёдалар, жамоат транспорти ва велосипедчилар фойдасига ўзгартирган.

Вақт ўтиши билан туннелдан тезюрар йўловчи капсулалари ҳаракатлана бошлайди.

Синов туннели қурилиши учун The Boring Company 10 миллион доллар сарфлаган.

Маск 2016 йил охирида бурғилаш ишлари билан шуғулланадиган The Boring Company компаниясига асос солганди. Биринчи туннел қурилиши ишлари 2017 йил июнида бошланганди. Компания транспорт ўтиши учун ер остидан 3,2 километр масофани қазиб, тайёрлади.

Ушбу лойиҳа бутун шаҳар бўйлаб қуриладиган туннел тармоғининг шоҳбекати ҳисобланади. Лойиҳа бутун Америка бўйлаб давом эттирилиши ва кейинги босқичда Техас ҳамда Сан-Францискода ҳам шундай туннеллар қурилиши мумкин.