Муфтий: Рамазонда оммавий ифторликлар ўтказилмайди
Ўзбекистон Мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши карантин даврида Рамазон ойини қандай ўтказиш бўйича баёнот берди.
Уламолар Кенгаши юртимиз мусулмонларини рамазон ойидаги ҳатму Қуръонлар ва таровеҳ намозларини ўз уйларида, оила аъзолари билан ўтказишга, шунингдек оммавий ифторликлар ўтказмасликка фатво берди.
“Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Рамазон ойини ўтказиш бўйича қўшни ва хорижий мамлакатлардаги ҳолат ўрганилди. Жумладан, Миср Араб Республикаси, Саудия Арабистони, Туркия, Россия Федерациясининг Татаристон Республикаси мусулмонлари диний идоралари томонидан Рамазон ойида масжидларда таровеҳ намозлари адо этилмаслиги ва оммавий ифторликлар уюштирилмаслиги ҳақида баёнотлар эълон қилинди.
Шунингдек, қўшни Қозоғистон ва Қирғизистон мусулмонлари диний идоралари билан мазкур масала муҳокама қилинди ва ягона тўхтамга келиш ҳақида қарор қилинди.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, шунингдек, фуқароларимиз орасида Рамазон ойида кўзда тутилган диний маросимлар сабабли карантин талаблари бузилишининг олдини олиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши барча мусулмонларни қуйидаги кўрсатмаларга қатъий риоя қилишга чақиради:
1. Рамазон ойида мўмин-мусулмонларимиз таровеҳ намозларини, хатми Қуръонларни ўз оила аъзолари билан хонадонларида ўтказсинлар.
2. Муборак Рамазон ойида мўмин мусулмонларимизнинг руҳини кўтариш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимида фаолият юритаётган қориларнинг хатми Қуръонлари онлайн тарзда амалга оширилиши йўлга қўйилсин.
3. Ифторлик савобидан умидвор бўлган саховатпеша мусулмонларимиз ифторлик маросимлари учун мўлжаллаган маблағларини “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари” орқали моддий кўмакка муҳтож оилаларга етказсинлар.
4. Барча мусулмонларимиз қўни-қўшни ва яқин қариндошларни тўплаган ҳолда ифторлик уюштиришлари карантин талабларига зид келиши баробарида Аллоҳ таолонинг ишбошиларга итоат қилиш ҳақидаги Нисо сураси : “Эй, имон келтирганлар! Аллоҳга итоат этингиз, Пайғамбарга ва ўзларингиздан (бўлмиш) бошлиқларга итоат этингиз!...” 59-оятига хилоф эканини англашлари лозим.
5. Закот маблағларини ҳамда фитр ва фидя садақаларини “Вақф” хайрия жамоат Фонди ва унинг ҳудудий бўлинмалари ҳисоб рақамларига ёки “Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари”га топширишлари тавсия этилади.
6. Рамазон ойи давомида барча телеканаллар орқали эфирга узатилиши режалаштирилган кўрсатувлар Медиа-режаси асосида Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари ҳамда халқимиз орасида обрўли диний уламоларимизнинг ушбу Баёнотда белгиланган вазифаларни халқимизга етказиш мақсадида оммавий ахборот воситаларида чиқишлар ташкил қилинсин ва кенг ёритилсин.
7. Қорақалпоғистон Республикаси қозиёти қозиси, Тошкент шаҳар ва вилоятлар бош имом-хатиблари томонидан ижтимоий тармоқлар орқали, “Рамазон – раҳмат ва сабр ойи” мавзусидаги маърузаларни мунтазам онлайн тарзда бериб боришни йўлга қўйсин.
8. Мусулмонларимиз хонадонларида Аллоҳ таолодан коронавирус балосини тез кунларда бартараф этишини сўраб, ихлос билан дуо қилсинлар.
Аллоҳ таоло тез кунларда беморларимизга шифои комил бериб, дунё халқлари, жумладан юртимиздан бу касалликни кўтарсин! Ҳамда фазилатли жамоатлар билан ибодатларни комил суратда адо қилишни барчамизга насиб қилсин!
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгаши“.
-
Ўзбекистон Уламолар Кенгашининг коронавирус бўйича фатвоси эълон қилинди
-
Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 998 нафарга етди
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар кенгашининг “Коронавирус (COVID-19) инфекциясининг тарқалишини олдини олиш бўйича ФАТВОСИ” эълон қилинган эди. Фатвода юртимизда эпидемиологик вазият барқарорлашгунгача жамоавий намозлар вақтинча тўхтатилиб, мусулмонларимизга намозларни уйларида адо этишлари лозимлиги айтилган.
Sof.uz