Покистон: Қулаган самолётда Муҳаммад қандай омон қолди? (Видео)
(last modified Sun, 24 May 2020 12:51:18 GMT )
май 24, 2020 17:51 Asia/Tashkent
  • Самолёт аҳоли зич мавзе устига қулаб тушган.
    Самолёт аҳоли зич мавзе устига қулаб тушган.

Покистонда қулаган самолётда камида икки киши тирик қолгани айтилмоқда.

Лоҳурдан Карочига учган PIA ҳаво йўллари йўловчи самолёти бортида жами 99 киши бўлган.

Карочи аэропортига қўнолмаган учоқ, одамлар яшайдиган уйлар устига қулаб тушади.

Ҳалокат жума куни маҳаллий вақт билан 14.30 атрофида рўй бергани айтилмоқда.

 

Икки йўловчи

Омон қолган йўловчилардан бири Муҳаммад Зубайрнинг ҳеч бир жойи деярли лат емаган.

Ҳушидан кетган Муҳаммад йиғи-сиғи ва бақир-чақир ичида ўзига келганини, узоқда нур кўриб, хавфсизлик камарини ечиб, ўша тарафга қараб юрганини айтади.

Шу асно у учоқ вайронасидан ўзи чиқиб келган.

Муҳаммад Зубайр самолёт силлиқ учганини, ҳеч ким ҳалокатни кутмаганини билдирган.

Маҳаллий мулозимларга кўра, омон қолган иккинчи йўловчи - Панжоб Банки президенти Зафар Масъуд.

Тирик қолган Муҳаммад Зубайр ва Зафар Масъуд учоқнинг олд қаторида ўтиришган.

Бошқа тирик қолганлар ҳақида ҳам хабарлар бор. Лекин ҳали тасдиқлангани йўқ.

Гувоҳлар нима дейди?

Покистон халқаро ҳаво йўллари (PIA) ширкатига қарашли Аэробус-А320 бортидагиларнинг кўпчилиги коронавирус карантини ортидан Рамазон Ҳайитини нишонлаш учун Карочи шаҳрига кетаётган бўлган.

Учоқ қулаб тушган аҳоли зич маҳалладаги уйларда неча киши жароҳат олгани ва ёки қурбон бўлгани ҳам тўлиқ аниқ эмас.

Одамлар олган видеотасвирларда қутқарувчилар вайроналар орасини ҳамон текшираётгани аксланади.

Гувоҳ Муҳаммад Узайр Хоннинг айтишича, у гумбурлаган овозни эшитиб, ташқарига чиққан ва тўрта уйнинг вайрон бўлганини кўрган.

"Тўрт уй қарийб харобага айланган, атроф ўт ва тутун ичида эди" - деган гувоҳ.

Учоқ қандай қулаган?

Покистон матбуоти учувчи ва пастдаги трафик назорати ўртасида бўлган суҳбани чоп этган.

Унда учувчи "двигателлар кетгани"ни айтади.

Пастдаги назоратчи эса "қорин билан қўндириш" эҳтимоли борасида сўрайди.

Аммо ҳалокат сабаблари ва тафсилотлари самолёт қора қутилари топилгач, маълум бўлиши мумкин.

PIA ҳаво йўллари ширкати бу самолёт 2014 йили олинганини ва ўтган ноябрда йиллик текширувдан ўтганини айтган.