Шавкат Мирзиёев Марғилондаги Ҳунармандлар марказида (фотожамланма)
(last modified Sat, 06 Jun 2020 07:54:32 GMT )
июн 06, 2020 12:54 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев Марғилондаги Ҳунармандлар марказида (фотожамланма)

Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи давомида Марғилондаги Ҳунармандлар марказини бориб кўрди.

Марғилондаги ушбу марказ моҳир уста Иброҳимжон Султонов ташаббуси билан давлат-хусусий шериклик асосида қурилган. Бу ерда 600 нафар уста фаолият бошлаб, 200 дан ортиқ турдаги атлас ва адрас тўқиш, гиламчилик, маиший хизмат, тикувчилик, ҳунармандчилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилиб, 2 мингга яқин хотин-қиз, ёшлар ишга жалб этилган.

«Менинг энг катта ислоҳотим – ҳар бир оиланинг нури бўлган оналарни, хотин-қизларни рози қилиш. Сизларнинг кўзингиздаги ишончни, умидни кўриб бахтиёр инсонман. Аёлларни қанча рози қилсак, Яратган бизга куч-қудрат, юртимизга тинчлик-осойишталик беради. Бутун дунё пандемия оқибатида катта қийинчиликка учраяпти. Ҳеч ким ишонмаганди, шу шароитда мана шундай корхоналар ишга тушира оламиз деб. Бу – Фарғонадаги ўзгаришларнинг бошланиши, қалдирғочи. Худо хоҳласа, натижаларимиз бундан ҳам юқори бўлади», – деди Шавкат Мирзиёев.

Шавкат Мирзиёев икки қаватли марказнинг қуйи қаватида атлас, адрас, шойи, бахмал, беқасам матолар тўқиш жараёнларини кузатган, биринчи қаватдаги тайёр маҳсулотлар кўргазмаси, подиум, чевархона ишини кўздан кечирган. Бу ердаги дўконда матога гул чизиш, боғлаш, давра, қад тайёрлаш жараёнлари кўргазмали тарзда намойиш этиб берилган.

Президент матбуот хизматининг қайд этишича, чеварларга 3,5 миллион сўмгача маош берилади. Марказ 600 ишчига мўлжалланган, хотин-қизларнинг қолгани касаначилик асосида уйда ўтириб меҳнат қилади.

 

Марказни кўздан кечириш чоғида Шавкат Мирзиёевга вилоятда ипакчилик соҳасида амалга оширилаётган инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумот берилди. Президент тармоқ корхоналарига ер ажратиб, иш ўринларини кўпайтириш, одамларга ҳозирги қийин шароитда иқтисодий ёрдам бериш зарурлигини таъкидлади, шунингдек, Фарғона вилоятида камбағал аҳоли билан ишлаш тизими бўйича амалга ошириладиган ишлар билан ҳам танишди.

Аввал Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давомида Қўштепадаги далада ғалла ривожини кўздан кечиргани , Фарғона интенсив боғдаги дарахт қаторлари орасига саримсоқпиёз ва дуккакли экинлар экиш бўйича кўрсатма бергани Тошлоқдаги «Global G.A.P» халқаро сертификатига эга корхонага ташриф буюргани, шунингдек, йилига 500 мингта сантехника маҳсулоти ишлаб чиқарадиган корхонани бориб кўргани ҳақида хабарлар берилган.

Ёрлиқ