Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
-
Ӯзбекистон ӯтган ҳафта давомида
"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 7 август– 14 авугст кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.
Дастлаб муҳим мавзуларнинг қисқача шарҳи билан танишинг:
Хитой-ўзбек вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш вақтинча тўхтатилди
Ўзбекистонда футбол бўйича Эрон аёллар терма жамоасининг ўйинлари бўлиб ўтади
Ўзбекистондаги машғулотларда қатнашган россиялик ҳарбийлар ортга қайтди
Токио-2020 қаҳрамонлари кутиб олинди. Уларга машина, уй ва пул мукофотлари топширилди
Масжидларда жума намозларини ўқиш бўйича карантин чекловлари бекор қилинди
Ўзбекистонда коронавирус бўйича кунлик касалланиш ва ўлим ҳолатлари яна оша бошлади
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов коронавирусдан вафот этди
Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасининг яна бир партияси олиб келинди
Ўзбекистон ТИВ Aфғонистонда вазиятни кескинлашиб бораётгани ҳақида изоҳ берди
Энди энг муҳим мавзуларнинг тафсилотига ӯтамиз:
Ўзбекистонликларни бир ҳафта давомида хитой-ўзбек вакцинасининг фақат 1-дозаси билан эмлаш ҳақида кўрсатма берилган.
Бугун, 9 августдан бошлаб Ўзбекистонда ZF-UZ-VAC-2001 вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш 1 ҳафта муддатга тўхтатилган. Бу ҳақида Kun.uz’га Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров маълум қилди.
Kun.uz’га ўзбек-хитой вакцинаси (ZF-UZ-VAC-2001)нинг биринчи дозасини олган фуқаролардан мурожаатлар келиб тушмоқда. Маълум бўлишича, эмлаш пунктларига мазкур вакцинанинг навбатдаги дозасини олиш учун мурожаат қилган фуқароларга бир ҳафталик муддатдан сўнг келиш сўралган. Бу эса аҳолининг кўплаб саволларига сабаб бўлмоқда. Чунки бунгача одамлар бу ҳақда огоҳлантирилмаганди.
Kun.uz мухбири аниқлик киритиш мақсадида Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати матбуот котиби Муҳаммаджон Бозоров билан боғланди. Унинг тасдиқлашича, 9 августдан бошлаб ўзбек-хитой вакцинасининг иккинчи ва учинчи дозалари билан эмлаш вақтинча тўхтатилган.
«Республикадаги вазиятдан келиб чиқиб 9 августдан бошлаб эмлаш пунктларида ZF-UZ-VAC-2001 вакцинаси фақат биринчи дозаси билан эмлаш учун ишлатилади. Иккинчи ва учинчи дозалар билан эмлаш вақтинча – 1 ҳафтага тўхтатиб турилади», деди у.
Шунингдек, Бозоров Kun.uz’га Соғлиқни сақлаш вазирлиги иммунизация ишлари бўйича раҳбари Дилором Турсунованинг мазкур масала юзасидан берган топшириғи акс этган хатни тақдим қилди.
У бундай ҳолат юзага келиши вакцина етишмовчилиги туфайли эканини рад этди.
«Сўнгги вақтда Ўзбекистонга коронавирусга қарши вакцинанинг бир нечта турлари кириб келди ва эмлаш ишлари анча жадаллашди.
Статистикани қарайдиган бўлсак, биринчи дозада вакцина олганлар сони билан иккинчи ва учинчи дозада эмланганлар орасида кескин фарқ мавжуд. Уларнинг ҳисоб-китобини тўғри юритиш, emlash.uz платформасига тўғри киритиш, эмланганлар орасида ҳам дозаларга кўра саралаб олиш учун вақт керак бўлади.
Шу сабабдан 1 ҳафта муддатга ушбу вакцинанинг фақат биринчи дозасида эмлаш амалга оширилади. Шундан сўнг қолган дозалар билан ҳам эмлаш йўлга қўйилади. Бу узилиш фақат эмлаш жараёнини режалаштириш учун қилинмоқда», дейди СЭС мутасаддиси.
Эслатиб ўтамиз, 5 ва 6 август кунлари Ўзбекистонга 2 млн доза хитой-ўзбек вакцинаси олиб келинди ва шу вақтгача келтирилган вакцина миқдори 14 млн 580 минг 60 дозага (370 минг доза «Спутник V», 710 минг доза AstraZeneca, 10,5 миллион доза ZF-UZ-VAC-2001, 3 миллион 60 доза Moderna) етди.
ССВ маълумотларига кўра, 7 августгача Ўзбекистонда коронавирусга қарши жами 10 025 266 доза вакцина қўллаб бўлинган.
****
Осиё Футбол Конфедерацияси аёллар футболи бўйича Осиё Кубоги саралашининг еттинчи гуруҳига мезбонлик қилиш учун Ўзбекистонни танлади.Ўзбекистон аёллар кубоги саралаш босқичида Эронни қабул қилади.Футбол бўйича Эрон аёллар терма жамоаси ҳам 2022 йилги Осиё Кубоги саралаш босқичининг "Г" гуруҳидан жой олган.
***
Сурхондарё вилоятидаги “Термиз” полигонида ўтган қўшма машғулотларда иштирок этган россиялик ҳарбийлар ортга қайтди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ маълум қилди.
Ўзбекистон ва Россия ҳарбийлари иштирокидаги машғулотлар Афғонистондаги вазият кескинлашгани ортида ўтди.
2 августдан 6 августгача ўтган машғулотларда икки давлатнинг 1,5 мингга яқин ҳарбийси иштирок этди. Машғулотлар давомида ҳарбийлар Марказий Осиё давлатлари ҳудудий яхлитлигини таъминлаш бўйича ўзаро ҳаракатларни машқ қилишган.
Россия, шунингдек, машғулотлар доирасида Ўзбекистонга 4та Ту-22М3 бомбардимончи самолётини юборган.
9-10 август кунлари Ўзбекистон, Тожикистон ва Россия ҳарбийлари иштирокида Тожикистоннинг Хатлон вилоятида машғулотларнинг якуний босқичи бўлиб ўтади
Токиода ўтган ёзги олимпиада ўйинлари ниҳоясига етди. Унда қатнашган ўзбекистонлик атлетлар 3 та олтин ва 2 та бронза медал билан умумжамоа ҳисобида 32-ўринни эгаллади.
9 август куни Ўзбекистон олимпия делегацияси Япониядан қайтиб келди. Жамоани кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортига Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов, Сенат раиси Танзила Норбоева бошчилигидаги ҳукумат аъзолари, ОАВ вакиллари, спортчиларнинг ота-оналари ва мухлислар йиғилди.
Делегация кутиб олингач, спортчилар журналистлар билан суҳбатда турнир борасидаги фикрлари билан ўртоқлашишди.
Олимпиадада бронза медални қўлга киритган эркин курашчи Бекзод Абдураҳмонов кейинги режалар ҳақида гапирар экан олдинда жаҳон чемпионати кутаётганини маълум қилди: «5 йилда яратиб берилган шароитлардан фойдаланиб натижа кўрсатмасак, уят бўларди. Ҳозирча UFC'га ўтмоқчи эмасман, чунки икки ойдан кейин жаҳон чемпионати бор. Кейин Осиё ўйинлари, кейин қарабсизки, бир пасда Париж олимпиадаси келиб қолади», деди курашчи.
Оғир атлетикада олтин медалга эга чиққан Акбар Жўраев Париж олимпиадасида ҳам ғолиб бўлиш ниятида эканлигини айтди: «Қўллаб-қувватлаган барчага раҳмат. Бу медал халқимизники. 2024 йили Парижда бўлиб ўтадиган олимпиадада ҳам чемпион бўлишга ҳаракат қиламан».
Шундан сўнг терминал ташқарисида безатилган саҳнада олимпиячиларга бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Унда раҳбарлар, чемпионлар ва уларнинг оналари сўзга чиқиб, ўз хурсандчиликларини изҳор қилишди.
Тадбирдан сўнг делегация автобусларда Тошкент шаҳрининг марказий кўчалари бўйлаб Миллий Олимпия қўмитаси биносига йўл олди. МОҚ биноси олдида совриндор спортчиларга совғалар топширилди.
Олтин медал соҳибларига «Таhoe» автомобили, 200 минг доллар мукофот пули ва 3 хонали ҳовли совға қилинди. Бронза медалини қўлга киритган йигитлар эса «Trailblazer» автомобиллари билан бирга 50 минг доллардан мукофот ва квартира олишди.
***
13 августдан эътиборан барча ишчи ва ходимлари коронавирусга қарши эмланган масжидларда жума намозлари ўқилишига рухсат берилади.
Комиссиянинг навбатдаги йиғилишида аҳолини оммавий эмлаш ишларини жадаллаштириш, шунингдек, аҳолига диний ибодатларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароит яратиш бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмита томонидан киритилган таклифлар ҳар томонлама муҳокама қилинди.
ССВ матбуот хизмати хабарига кӯра муҳокама натижалари бўйича Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳамда Дин ишлари бўйича қўмитанинг қуйидаги таклифлари маъқулланди:
2021 йил 13 августдан эътиборан масжидларнинг барча ишчи ва ходимлари (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлган ходимлари бундан мустасно) коронавирусга қарши вакцинанинг (туридан қатъи назар) камида 2та дозаси билан эмланганлиги тўғрисидаги сертификатига эга бўлган тақдирда ушбу масжидларда жума намозини ўтказишга рухсат бериш;
масжидларга жума намозини ўқиш учун коронавирусга қарши вакцина билан эмланганлиги тўғрисидаги QR-коди ёки сертификати мавжуд бўлган ташриф буюрувчиларни киритиш (саломатлиги бўйича қарши кўрсатма бўлганлар бундан мустасно) тўғрисидаги таклифлар.
Республикада фаолият юритаётган бошқа диний конфессияларга мансуб диний ташкилотларга ҳам мазкур тартибни татбиқ этиш тавсия қилинди.
Шу билан бирга, диний ибодатларни адо этиш жараёнида ташриф буюрувчилар томонидан тиббий ниқобда бўлиш ҳамда ижтимоий масофани сақлаш бўйича карантин чекловларига қатъий риоя этилиши лозимлиги кўрсатиб ўтилган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда июль ойи ўрталарида коронавирус туфайли жума намозлари вақтинча тўхтатилган, Ҳайит намози ҳам ўқилмаганди.
Бундан олдинроқ Республика махсус комиссиясининг 8 августдаги қарори билан умумий овқатланиш объектлари билан боғлиқ карантин чекловлари юмшатилгани хабар қилинганди.
***
Соғлиқни сақлаш вазирлиги сўнгги бир кунда Ўзбекистонда 925 кишида коронавирус, 500га яқин кишида пневмония аниқланиб, икки касалликдан жами 12 бемор вафот этгани ҳақида хабар берди.
«2021 йил 11 август ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 140210 (+925) нафарни ташкил этмоқда», дейилади ССВ хабарида.
Янги касалланиш ҳолатларининг:
86 нафари Қорақалпоғистон Республикасида,
41 нафари Андижон вилоятида,
26 нафари Бухоро вилоятида,
73 нафари Жиззах вилоятида,
28 нафари Қашқадарё вилоятида,
19 нафари Навоий вилоятида,
45 нафари Наманган вилоятида,
83 нафари Самарқанд вилоятида,
21 нафари Сирдарё вилоятида,
89 нафари Сурхондарё вилоятида,
79 нафари Фарғона вилоятида,
33 нафари Хоразм вилоятида,
91 нафари Тошкент вилоятида,
211 нафари Тошкент шаҳрида коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Кеча кун давомида:
Қорақалпоғистон Республикасида 93 нафар,
Бухоро вилоятида 18 нафар,
Жиззах вилоятида 85 нафар,
Қашқадарё вилоятида 29 нафар,
Навоий вилоятида 14 нафар,
Наманган вилоятида 37 нафар,
Сирдарё вилоятида 45 нафар,
Сурхондарё вилоятида 86 нафар,
Фарғона вилоятида 81 нафар,
Хоразм вилоятида 32 нафар,
Тошкент вилоятида 105 нафар,
Тошкент шаҳрида 124 нафар бемор тузалиб, касалликдан соғайганлар жами 133362 (+749) нафарга етди ва соғайиш кўрсаткичи 95 фоизни ташкил этмоқда.
Сўнгги бир кунда коронавирусга чалинган беморларнинг яна 8 нафари вафот этиб, расмий статистикага кўра ушбу касалликдан вафот этганлар сони 956 нафарни ташкил қилмоқда.
ССВ 11 август куни 493 нафар кишида пневмония аниқланиб, жами ҳолатлар сони 16364тага етгани, сўнгги бир кунда уларнинг 437 нафари соғайиб, умумий соғайганлар сони 9078 нафарни ташкил қилаётгани ҳақида ҳам маълум қилган.
Шунингдек, 4 бемор вафот этиб, шу кунгача пневмониядан вафот этганлар сони 110 нафарга етди.
***
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг хабар қилишича, муфтий Усмонхон Алимов 71 ёшида вафот этди
Муфтий Усмонхон Алимов сўнгги вақтларда Москвада даволанаётган эди — у ўпка ва қон-томир касалликлари, хусусан, ўпка пневмонияси бўйича муолажалар олаётган эди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Темирхон ўғли Алимов ҳазратлари оғир хасталикдан сўнг вафот этдилар.
Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларини Ўз мағфиратига олсин, иймонларини саломат қилсин, солиҳ амалларини ўзларига ҳамроҳ этсин. Охиратларини обод этиб, жойларини Фирдавс жаннатларидан қилсин!
Ҳақ таоло ҳазратимизнинг барча солиҳ амалларини, динимизга қилган хизматларини, илм-маърифат, зиё таратиш йўлидаги саъй-ҳаракатларини ҳусни қабул айлаб, Ўз мағфиратига олсин, чеккан дардларини барча саҳву хатоларига каффорат қилиб, раҳматига чулғасин, қабрларини жаннат боғчаларидан қилиб, охиратларини обод айласин!
Аллоҳ таоло Муфтий ҳазратларининг аҳли оиласи, фарзанду аржумандлари, сафдошлари ва яқинларига чиройли сабр бериб, бу мусибатларини яхшиликлар ила тўлдирсин.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Уламолар Кенгаши, уламолари, имом-домлалари ва ўқитувчи-мударрислари номидан муфтий Усмонхон Алимовнинг оила аъзолари, фарзандлари, сафдошлари, ёр-биродарлари, яқинларига ҳамдардлик билдирамиз.
Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун.
Ўзбекистонга AstraZeneca вакцинасининг яна бир партияси олиб келинди. Бу ҳақда Санитария-эпидемиология хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, бугун, 14 август куни республикага COVAX дастури доирасида Франциядан 276 480 доза AstraZeneca вакцинаси олиб келинди.
Маълумот ўрнида айтилишича, мамлакатга келтирилган жами вакцина миқдори 14 миллион 856 минг 540 дозага етди.
Улардан:
370 000 дозаси "Спутник V";
986 480 дозаси AstraZeneca;
10 500 000 дозаси ZF-UZ-VAC2001;
3 000 060 дозаси Moderna вакцинасидир.
***
Кеча Афғонистон қуролли кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ Ўзбекистон давлат чегарасини кесиб ўтган
14 август куни Афғонистон билан Давлат чегарасининг бўлинмаларидан бирида Афғонистон қуролли кучларининг ҳарбий хизматчиларидан иборат 84 кишилик гуруҳ давлат чегарасини кесиб ўтди ва ДХХ Чегара қўшинлари чегара отрядлари томонидан қўлга олинди. Чегарани бузганлар қаршилик кўрсатмаган ва кўмакка муҳтожлигини билдирган, жумладан, 3 нафар яраланган шахсга тиббий ёрдам сўраган.
Афғонистоннинг мазкур фуқаролари билан зарур текширув-фильтрлаш жараёнлари ва санитария-эпидемиология тадбирлари ўтказилди, уларнинг айримларига тиббий ёрдам кўрсатилди, шунингдек, озиқ-овқат ва уларнинг вақтинча жойлашиши ташкил этилди.
Шу билан бирга, Термиз-Ҳайратон кўпригининг Афғонистон қисмида Афғонистон ҳукумат кучларининг ҳарбий хизматчилари тўплангани қайд этилди. Бу шахсларга инсонпарварлик ёрдами кўрсатиш чоралари кўрилмоқда.
Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Афғонистон фуқароларининг ватанига қайтиши ва Термиз-Ҳайратон кўприги ҳудудидаги вазиятни тартибга солиш борасида Афғонистон томони билан музокаралар олиб бормоқда.
Бундан ташқари, 14 август кун давомида «Термиз-Мозори-Шариф» темир йўл участкасида хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ватанга қайтариш ташкил этилди.