АҚШ Афғонистондан чиқиб кетганидан бери Вашингтон ва Толибон ўртасидаги биринчи учрашув
АҚШ Давлат департаментининг якшанба кунги баёнотида айтилишича, АҚШ ва Толибон расмийлари, ушбу ҳаракат Афғонистонда ҳокимиятни қайта қўлга киритганидан кейин икки тараф ўртасида ўтказилган илк учрашув "самимий ва профессионал" бўлган. Шу билан бирга, баёнотда айтилишича, АҚШ ҳукумати Толибонга нафақат улар айтаётган сўзлар, балки уларнинг амалий ҳаракатларига қараб баҳо беради.
Толибон муваққат ҳукумати Ташқи ишлар вазири Амир Хон Муттақий АҚШ расмийлари билан учрашиб, Кобул-Вашингтон муносабатлари, Доҳа келишуви, гуманитар ёрдам, блокланган афғон пулларини озод қилиш, Афғонистон ҳаво ҳудуди ва бошқа масалаларни муҳокама қилганини айтди.АҚШ Давлат департаменти вакили Нед Прайс эса музокара ҳақида шундай деди: Бу учрашув Толибонни тан олиш ва қонунийлаштириш ҳақида эмас.
Байден ҳукуматининг Толибонга нисбатан аввалги қаттиқ позицияси, жумладан, уни тан олишдан бош тортишига қарамай, Вашингтон энди Афғонистондаги мавжуд реалликни англаган ҳолда олдинги позициясидан четга чиқиб, толиблар билан тўғридан-тўғри музокара ўтказишга тайёр кўринади. Албатта, Афғонистон ишғоли пайтида америкаликлар Толибонни террорчи гуруҳ деб ҳисоблаб, унга қарши курашга алоҳида эътибор беришган эди. Бу позицияга қарамай, Афғонистонда ҳарбий вариантнинг боши берк кўчага кириб қолгани учун бир неча йил олдин, АҚШнинг собиқ президенти Доналд Трамп президентлиги даврида Вашингтон Толибон билан музокараларни кун тартибига қўйди. Бу охир-оқибат 2020 йил феврал ойида Трамп маъмурияти ва Толибон ўртасида Доҳа келишувига олиб келди. Шунингдек, Толибон Кобулни қўлга киритиб, Ғарб қўшинлари ва фуқаролари шаҳар аеропортидан чиқарилаётган пайтда, Марказий разведка бошқармаси директори Уилям Бернс Толибоннинг сиёсий ўринбосари Мулла Абдул Ғани Барадар билан яширинча учрашган эди. Оқ уйнинг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан ҳам Вашингтон хавфсизлик масалалари, жумладан, Америка фуқароларини эвакуация қилиш масаласида Толибон билан доимий алоқада бўлганини тан олди. Бу ҳолатларнинг барчаси АҚШ Толибон билан қарама-қарши ёндашувга эга муносабатдалигини кўрсатади. Америка Бир томондан Толибонни террорчи гуруҳ деб эълон қилган бўлса, бошқа томондан Афғонистондаги тангликдан чиқиш учун у билан музокара олиб борган. Ҳозир ҳам, мамлакатда ҳарбий ва ҳатто сиёсий иштироки тугатганидан кейин ҳам Толибон билан музокараларни давом эттирмоқда.
АҚШнинг аввал Толибонни тан олишдан бош тортиши ва ҳозир Афғонистонда у билан ҳамкорлик қилишга тайёрлиги ҳақида сигналлар юборишининг сабабларидан бири Вашингтоннинг иккита йирик халқаро рақиби Хитой ва Россиянинг Афғонистондаги таъсири борган сари кучайиб бораётганидан хавотирланиши билан боғлиқ. Аслида, Вашингтон расмийларига яхши маълумки, Пекин ва Москва Ғарбнинг Афғонистонда қолдирган бўшлиғини ҳисобга олган ҳолда, энди Толибон режими билан ҳамкорлик қилиб, иқтисодий, савдо, энергетика ва кончилик имкониятларидан фойдаланиш, ҳамда Афғонистондаги инфратузилмани қайта қуриш учун шароит тайёр деб ҳисоблайдилар. Қолаверса, Россия ҳам, Хитой ҳам ИШИД терроризмининг Марказий Осиё ва Хитойнинг Шинжон вилоятига террорчи унсурларнинг кириб келиши орқали ўз чегараларига тарқалишидан қаттиқ хавотирда. Улар ечимни Толибон билан ҳамкорликда кўришади ва шу боис Толибон режимини бойкот қилишдан бош тортишди ва у билан кўплаб музокаралар олиб боришди. Вашингтон ҳозир Толибон билан муносабатлардаги сустликнинг ўрнини тўлдириш учун тўғридан-тўғри музокаралар олиб бормоқда. Бироқ, АҚШ ушбу мамлакатда блокировка қилинган 9 миллиард долларлик афғон активларини қўйиб юборишдан бош тортиши орқали, у Толибонга осонликча имтиёз беришга тайёр эмаслигини ва бунинг эвазига ўзининг талаблари гуруҳ томонидан бажарилишини хоҳлашини кўрсатди.
Халқаро муносабатлар бўйича эксперт Муҳаммад Масжиджомеи бу борада шундай дейди:
Толибон, ҳукмрон партиясидан қатъи назар, Қўшма Штатлар каби мамлакат билан доимий ҳамкорлик қила олмайди. Агар америкаликлар бу гуруҳдан ўз мақсадларига эришиш учун қурол сифатида фойдаланишни истамасалар, албатта.