Низомий -- форс адабиётининг  ҳазинаси (Низомий Ганжавийни улуғлаш кунига бағишланади)
(last modified Sun, 12 Mar 2023 05:51:47 GMT )
март 12, 2023 10:51 Asia/Tashkent
  • Низомий -- форс адабиётининг  ҳазинаси  (Низомий Ганжавийни улуғлаш кунига бағишланади)

12 март Эроннинг улуғ шоири Низомий Ганжавийни улуғлаш кунидир

Эроннинг ӯн иккинчи асрда яшаб ӯтган улуғ шоири Низомий Ганжавий  тахаллуси билан машҳур бӯлган Ҳаким Абу Муҳаммад Илёс нинг туғилган йилини тарихчилар 1135-1145 йиллар ораси дея тахмин қилишган.

 Низомий Ганжавий  ўша пайтда Эроннинг бир қисми бўлган Ганжа шаҳрида туғилиб ўсган. Ўшанда , шимолий Эронда "Канжасай" (Ганжаруд) дарёсининг икки қирғоғида жойлашган Ганжа, форс шеърияти ва адабиётининг кенг тарқалиш маркази ҳисобланган. Минтақада  Хоқоний, Фалакий Ширвоний, Абул Аъло Ганжавий каби улуғ шоирлар яшаб ӯтгани сабабли Ганжа шаҳри форс адабиётининг ривожига сезиларли улуш қӯшган шаҳарлардан бири ҳисобланарди. Шаҳарда Маҳасти ва Низомий Ганжавий каби буюк шоирларнинг яшаганлиги Ганжани форс шеъриятининг муҳим марказларидан бирига айлантирди.

Низомий Ганжавий бу шаҳарда яқин 70 йил яшаб, шу ерда оламдан ӯтди. Шоирнинг марқади шеърияти ихлосмандларининг зиёратгоҳига айланди.

Янги Ганжа шаҳри қурилгач, эски Ганжа вайронага юз тутди ва шоирнинг қабри ҳам шаҳарнинг ташқарисида қолди. Эндиликда шоир марқадида гӯзал бир бино қурилган бӯлиб, бу бино Эрон меъмончилигининг шоҳ асарларидан бири ҳисобланади.

Низомий девонидан бизгача етиб келган айрим тарқоқ байтлардан ташқари  шоирнинг  барча шон-шуҳрати  ундан ёдгорлик  қолган ва "Панж Ганж" ёки "Хамсаи Низомий" номи билан машҳур бўлган бешта машҳур маснавийдир. Унинг ӯлмас “Хамса”си  “Махзан ул-Асрор”,  “Хусрав ва Ширин”,  “Лайли  ва Мажнун”,  “Ҳафт Пайкар” ва “Искандарнома” достонларидан иборат.

Хамсаи Низомий

 

Ӯта равон шеърий нутқ  ва ӯзига хос шеърий услуби туфайли Низомийни форс шеъриятининг устунларидан бири деб ҳисоблаш мумкин. Шу сабабли адиб ӯзидан кейинги  шоирлар, тазкиранавислар  ва тадқиқотчилар томонидан доимо мақталган.

Қадимги Эрон таълими ва тарбия мактабида ҳикмат калом ва фалсафа илмидан иборат эди. Шоирдан ёдгорлик қолган барча достонларда муаллифнинг ҳикмат илмини маҳорат билан ӯрганганлигини пайқаш мумкин.

Унинг форс шеърияти тузилиши ва унда сӯзлардан фойдаланиш бобида вужудга келтирган инқилобини бирор-бир тадқиқотчи ёхуд адабиётшунос инкор этолмайди.

Низомий Ганжавийнинг энг улкан муваффақияти унинг шеърда сӯзларни моҳирлик билан танлаш  ва янги сӯз бирикмалари тузиш қудратидир. Низомий шеърларининг халқ оммаси орасида кенг тарқалишининг асосий сабаби уларнинг содда, самимий ва равонлигидир.

Низомийнинг тавсифлари  жуда табиий, аниқ ва равондир. У кўпинча турли хил мавзуларни ғайриоддий аниқлик ва ӯзига хос нозик маҳорат  билан тасвирлайди. Айрим саҳналарни тасвирлашда унинг маҳорати ӯқувчини ҳайратга солади. У ӯзининг бой хаёлотидан фойдаланиб, шеърда руҳсиз жисмларга жон ато этган шоирдир.

Аксарият адабиётшунослар  ва Низомийшунослар,   жумладан доктор Саид Ҳамидиённинг фикрига кўра, "Фирдавсий қаҳрамонлик достонлари  яратишда мислсиз бӯлганлиги каби,  Низомий  форс тили ва адабиёти тарихида лирик шеърият соҳасида етакчи ўринни эгаллайди»

Низомийга жуда кӯп замондош ва ундан кейинги даврларда яшаб ӯтган шоирлар тақлид қилишган, ёхуд унинг маснавийларидан илҳомланиб достонлар яратишган. Кейинги икки аср давомида  эса Европа ва дунёнинг бошқа давлатларида  бу улуғ шоирнинг ижодиётига бағишланган турли тадқиқотлар амалга оширилиб, асарлари дунёнинг бир неча тилларига таржима қилинди.

 

Англиядан Уилям Жонс, германиялик Ван Хуммер Поргестал, Ҳелмут Риттер ва Вилгелм Бахер, италиялик Итоло Пицзи, россиялик Евгений Эдуардович Бертелс,  мисрлик Абдулмунъим  Ҳасанин ва бошқа кўплаб Эрондан ташқаридаги тадқиқотчилар ва таржимонлар Низомий Ганжавий асарларига таважжуҳ билдиришган.

Шоирнинг “Хамса” сидаги ҳар бир достон Худо ва пайғамбарни улуғлашдан, шунингдек, бу асарни  яратиш сабабини баён этишдан  бошланади ва сўнгра асосий мавзуга ӯтилади.

”Махзанул асрор” соф тарбиявий асар бӯлиб, унинг мазмун-моҳияти инсонга қаратилган. Низомий ӯзининг   тарбиявий ва ирфоний руҳдаги бу асарида ӯта мавҳум сӯз юритган.

“Махзанул асрор” дан кейин Низомийнинг  услуби тубдан ӯзгарди. “Хисрав ва Ширин”, “Лайли ва Мажнун”, “Ҳафт пайкар” ва “Искандарнома” асарларини кӯздан кечирган киши бу нарсага ишонч ҳосил қилади.

Низомий Ганжавий ӯз умри давомида сабр-тоқат билан тасаввуридаги адолатли жамиятни тинимсиз қидириб, ӯз асарлари орқали бу гӯзал олам ҳақидаги тасаввурларини ӯқувчига етказди. Унинг дунёси адолат барқарор бӯлган фазилатли юрт ва виждон мамлакати эди. У инсонни камолотга етишган бир тарзда кӯришни истайди. Шу сабабли "Искандарнома" достонида инсонни комиллик чӯқисига яқинлаштиришга ҳаракат қилади.

"Искандарнома" Искандар Мақдунийнинг ҳаёти шарқ шоири томонидан тасвирланган достондир.У юнонликлар тасаввуридаги Искандардан буткул фарқ қилади. Низомий тасвиридаги Искандар очкӯз, дунёни эгаллашга ҳирс қӯйган киши эмас. У донишманд, доимо зоҳидлар ва ҳакимлар билан мулоқот қилади. У диннинг талабларига тӯлла риоя қилади. Ҳаж маносикларини бажаради. У жаҳонни кезиб, дунёдаги нарса ва ҳодисалардан ибрат олади. Охир-оқибат оби ҳаёт сувини қидириб чиқиб кетади ва Низомийнинг таъбири билан айтганда фазилатли шаҳарга етиб боради.

Низомийнинг орзу-армонлари юрти бӯлган бу шаҳарда жанг-жадал, ҳийла-найранг,  ёлғон ва хиёнатдан асар ҳам бӯлмай, раъият тинч-тотув ва роҳат-фароғатда умргузаронлик қилишарди.

 

Ёрлиқ