Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
(last modified Sat, 16 Dec 2023 09:37:55 GMT )
декабр 16, 2023 14:37 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида
    Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида

"Ўзбекистон ўтган ҳафта давомида” рукнида жорий йилнинг 9-16 декабрь ноябрь кунлари ушбу мамлакатда юз берган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ва илмий воқеалар тӯғрисида сизга маълумот берамиз.

  • Ўзбекистон ва Ироқ ҳамкорликлари ривожланмоқда

 

  • Ўзбекистонда барча метан заправкалари фаолиятига чеклов киритилди

 

  • Ўзбекистонда ҳибсга олишлар давом этмоқда. Фарғонада ҳам 75 киши қўлга олинди

 

  • Қатарда Ўзбекистон элчихонасини очилиш маросимии бўлиб ўтди

 

  • Ўзбекистон ва Британия ядро физикаси соҳасида ҳамкорлик қилади

 

  • Ўзбекистон ҳам Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қўллаб қувватлади

 

  • Ўзбекистон ва Саудия Арабистони ўртасидаги авиақатновлар сони ҳафтасига 70 тага етказилади

 

  • Япония ҳам Ўзбекистон ташкилотларига қарши санкция қўллади

 

 

***

Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, Ироқ Ўзбекистон маҳсулотларининг мамлакат бозорига чиқишидан манфаатдор эканлигини билдирди

Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Баҳромжон Аълоев Ироқ Бош вазири ўринбосари – ташқи ишлар вазири Фуад Ҳусайн билан учрашди.

Қайд этилишича, Ироқ томони Ўзбекистон билан кўп қиррали шерикликни янада мустаҳкамлаш ва ўзаро устувор соҳаларда ҳамкорлик кўламини кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.

Сиёсий мулоқотни фаоллаштириш, савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштириш ва маданий-гуманитар алмашинувни мустаҳкамлаш муҳимлиги таъкидланди.

"Ироқ томони Ўзбекистон маҳсулотларининг Ироқ бозорига чиқиши ва Ўзбекистондан импорт турларини кенгайтиришдан манфаатдор эканлигини билдирди", —дейилади хабарда.

Учрашувда бўлажак қўшма тадбирлар жадвали ҳам муҳокама қилинди.

Шунингдек, Бағдод шаҳрида Ўзбекистон ва Ироқ Республикаси ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг биринчи давраси бўлиб ўтди.

"Икки мамлакат қонун чиқарувчи органлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш бўйича келишувга эришилди", — дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва Ироқ расмийлари  мамлакатлар ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни рағбатлантиришга тайёр эканликларини ҳамда қўшма Ишбилармонлар кенгашини ташкил этишдан манфаатдор эканликларини билдиришди.

***

газ босимининг пасайиши

 

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги ахборот хизматига кўра, Ўзбекистон бўйлаб метан заправкалари фаолияти соат 6:00 дан соат 15:00 гача олиб борилади.

Газета сайтининг хабар қилишича,  Ўзбекистон Энергетика вазирлиги мамлакатда ҳаво ҳароратининг совиб бориши туфайли аҳоли орасида табиий газга талаб бирмунча ошгани, пировардида, газ босимининг сезиларли пасайиши юз берганини таъкидлади.

 7−16 декабрь кунлари оралиғида совуқ об-ҳаво шароитида ҳам газ босимининг пасайиши кутилаётганини қўшимча қилди.

Шундан келиб чиқиб, аҳолини табиий газ билан узлуксиз таъминлаш мақсадида метан заправкалари ишлаш вақтини чеклаш чоралари кўрилмоқда. Режага мувофиқ, метан заправкалари соат 6:00 дан соат 15:00 га қадар ишлайди, дейди вазирлик.

Мазкур чеклов республиканинг барча ҳудудларида киритилди. АГТКШлар фаолиятида ўзгаришлар кузатилса, қўшимча маълумотлар берилади, дейилади хабарда.

***

Ўзбекистон Ички ишлар бошқармаси матбуот хизматига кўра, Фарғона вилоятида «Долзарб 40 кунлик» махсус профилактик тадбирлари доирасида 96 та жиноят аниқланди ва бир қатор жиноят олами вакиллари ушланди.

Газета сайтининг хабар қилишича Ўзбекистонда жиноят содир этиб, суд ва тергов органларидан яширинган 50 нафар қидирувдаги шахслар ушланди. Гуруҳбозликка алоқадор 25 нафардан ортиқ шахс безорилик устида қўлга олинди.

Хабарга кўра, ўтказилган тадбирларда 5 кг 921 грамм гиёҳвандлик воситаси, 414 дона психотроп ва кучли таъсир қилувчи модда, 42 та қурол-яроғлар, 221 та ўқ-дорилар, 61 дона турли жиноятга дахлдор материаллар тайёрланган компьютер, телефон ҳамда тақиқланган диний адабиётлар ашёвий далил тариқасида олинди.

Хусусан, Тошлоқ туманида ўтказилган тезкор тадбир давомида фуқаро ўз хонадонида 8 дона жанговар ов қуроли ўқ дорилари, 61 дона гильзалар, 400 грамм порох, 140 дона 5,6 мм калибрли жанговар ўқ-дорилар қонунга хилоф равишда сақлаб келингани аниқланди.

Шунингдек, 9 декабрь куни тезкор ходимлар томонидан ўтказилган тадбирларда муқаддам Жиноят кодексининг 164, 165, 166 ҳамда 277-моддалари билан судланган, Марғилон шаҳрида яшовчи 1988 йилда туғилган, «тезкор вазиятга салбий тасир кўрсатиб келган, жиноий тажовузкор» Б.Ҳамидов ҳам ушланди. У шахсга оғир тан жароҳати етказиб, яшириниб юрган.

***

Доҳада Ўзбекистон элчихонаси очилди

 

Доҳа шаҳрида 11 декабр куни Ўзбекистон элчихонасининг очилиш маросими бўлиб ўтгани Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов хабар қилди.

Кун сайтининг хабар қилишича, ушбу элчихоналар Ўзбекистон ва Қатар ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади, деб ёзади Ўзбекистон ТИВ вазири.

У Қатарга «Умумий келажакни бунёд этиш» мавзусидаги Доҳа форумида иштирок этиш учун борган. Ташриф давомида Қатар бош вазири, шунингдек, транспорт вазири ва бошқалар билан учрашув ўтказди.

2023 йил май ойида Тошкентда Қатарнинг дипломатик ваколатхонаси фаолияти йўлга қўйилганди.

***

Ўзбекистон делегацияси Лондонга ташрифи доирасида ТИВнинг Европа мамлакатлари ва ЕИ институтлари билан ҳамкорлик бошқармаси бошлиғи Ойбек Шахавдинов Бирмингем ядровий таълим ва тадқиқотлар маркази директори Пол Норман билан учрашди.

Аниқ сайтининг Дунё сайтига таяниб хабар қилишича, суҳбат чоғида ядро физикаси соҳасида ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Ўзбекистон ва Британия вакиллари бу борадаги ҳамкорликни кенгайтириш учун икки давлат улкан салоҳиятга эга эканлигини таъкидладилар.

Британия томони Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ва республикада ядро физикаси бўйича ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференцияларда иштирок этишдан манфаатдор эканлигини билдирди.

***

Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюция

 

Ўзбекистон Республкаси ҳам яна Ғазо секторида ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни ёқлаб овоз берди

БМТ Бош Ассамблеяси Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди. Уни 153 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Бразилия ва БАА қўллаб-қувватлади. Исроил ва АҚШ яна қарши чиқди.

Газета сайтининг хабар қилишича, БМТ Бош Ассамблеяси Фаластин-Исроил можароси ҳудудида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилганини бу ташкилот ахборот хизмати маълум қилди.

Унда сўзга чиққан ассамблея президенти Деннис Френсис Ғазодаги гуманитар инқироз янада кучайиши хавотирини билдирди.

«Бизнинг ягона устувор вазифамиз фақат битта — одамлар ҳаётини сақлаб қолиш. Мен сиздан инсоният номи билан сўрайман: бу зўравонликни ҳозироқ тўхтатинг», — деди у.

Резолюция ташаббускорлар Миср ва Мавритания ҳисобланади. Резолюцияни 153 давлат, жумладан, Ўзбекистон, Россия, Хитой, Бразилия ва БАА қўллаб-қувватлади. 10 давлат, жумладан Исроил ва АҚШ бунга қарши чиқди. 23 давлат бетараф қолди.

 28 октябрь куни ҳам БМТ Бош ассамблеяси Ғазо секторида зудлик билан ўт очишни тўхтатишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди . Уни 120 та давлат (жумладан, Ўзбекистон ҳам) ёқлаб овоз берганди.

 БМТ бош котиби Антониу Гутерриш ҳам олдин Хавфсизлик кенгаши йиғилишида ҲАМАСнинг Исроилга ҳужуми «йўқ жойдан пайдо бўлмаганини» таъкидлаганди. Бу фикр Исроил ҳукумати томонидан қаттиқ танқидга учраб, мамлакат расмийлари Гутерришнинг истеъфосини сўраган.

***

Ўзбекистон ва Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида мунтазам авиақатновлар сони ҳафтасига 70 тага етказилиши кутилмоқда.

Ўзбекистон Транспорт вазирлигига кўра , ICAOнинг “ICAN–2023” тадбири доирасида Транспорт вазирлиги делегацияси Саудия Арабистони Қироллиги авиация маъмурияти билан ўтказган музокараларда ушбу келишувга эришилди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон ва Саудия Арабистон расмийлари музокаралари жараёнида Транспорт вазирлиги делагациясига Ўзбекистоннинг Саудия Арабистонидаги фавқулодда ва мухтор элчиси ҳамроҳлик қилди.

“Бу Ўзбекистондан "Ҳаж" ва "Умра" тадбирларига борадиган зиёратчилар, шунингдек, “Умра плюс” дастури орқали Ўзбекистонга зиёрат туризми учун ташриф буюрувчи хорижий сайёҳларга кенг имкониятлар яратади”, —дейилади хабарда.

Музокаралар натижасига кўра Тошкент шаҳридан Саудия Арабистони шаҳарлари ўртасида ҳафтасига ҳар бир томондан 14 тадан, шунингдек, халқаро аэропортга эга бўлган Ўзбекистоннинг исталган шаҳридан Саудия Арабистонининг халқаро аэропортга эга бўлган исталган шаҳрига ҳар бир томондан ҳафтасига 21 тадан (жами 35 тадан) мунтазам парвозларни амалга оширишга келишиб олинди.

Айтилишича, мунтазам авиақатновларнинг қарийб икки ярим баробар оширилиши чартер парвозлари ҳамда транзит парвозлар орқали “Умра” сафарига борувчилар гуруҳини шакллантираётган туроператорлар ҳамда агентлар томонидан юзага келтирилаётган айрим тартибсизликларга барҳам беради.

Ўзбекистоннинг барча аэропортларини Саудия Арабистони билан боғлаш ҳамда икки мамлакат ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

**

Япония Иқтисодиёт вазирлиги Токио ҳукуматини Ўзбекистон, Сурия ва Россиянинг 60 тадан ортиқ ташкилотига нисбатан санкциялар жорий этганини хабар қилди.

Спутник сайтининг хабар қилишича, санкциялар Россия экспорт салоҳиятини чеклашга қаратилган бўлиб, рўйхатга Россиянинг 57 та компанияси, Суриянинг битта ва Ўзбекистоннинг 2 та корхонаси бор. Чекловлар декабрь охирида кучга киради.

Чеклов киритилган компаниялар қаторида Россиянинг Урал фуқаро авиацияси заводи, Брянск автомобиль заводи, "Буревестник" марказий илмий-тадқиқот институти, махсус конструкторлик бюроси, Қозон кукуни заводи, кимё ва механика марказий илмий-тадқиқот институти, Ростов радиоалоқа илмий тадқиқот институти, 150-авиация таъмирлаш заводи, 810-авиация таъмирлаш заводи, Арзамас номидаги приборсозлик заводи ва бошқалар бор.

Қора рўйхатда Ўзбекистоннинг "Alpha Beta Creative Industries LLC" ва "GFK Logistic Asia LLC", Суриянинг эса "I Jet Global DMCC" компаниялари бор.