Одил Аҳмедов нима учун Хитой жамоаси таклифини қабул қилганига изоҳ берди
Эндиликда «Краснодар»нинг собиқ футболчиси ҳисобланадиган, бугун расман Хитойнинг «Шанхай СИПГ» клуби аъзосига айланган Одил Аҳмедов нима учун фаолиятини Хитойда давом эттиришга қарор қилгани ҳақидаги саволга жавоб берди.
Кун.ўз сайтига кўра, «Менда нафақат Хитой лигасидан, балки Европа жамоаларидан ҳам таклифлар бор эди. Мен барчасини кўриб чиқиб, Хитой клуби таклифини қабул қилдим. Мен «Краснодар»га фойда келтириш ҳақида ўйладим. Мен Хитой чемпионатига ўтишни — профессионал нуқтаи назардан ортга қадам ташлаш деб ўйламайман. Ҳозирда бу чемпионатда дунёнинг етакчи футболчилари ўйнашмоқда ҳамда бу лига жамоаларини энг яхши мураббийлар бошқаришмоқда.
Хусусан, мен қарор қабул қилишдан олдин Виллаш-Боаш билан гаплашдим. У менга жамоадаги вазиятни ва мен бу клубда эгаллайдиган ўринни тушунтириб берди. «Шанхай СИПГ»га ўтишим миллий терма жамоага ҳам яхши бўлади. Мураббийлар штаби менинг ўйинимни кузатиб боришади.
Афсуски, жамоа билан хайрлашишга улгурмадим. Боиси, таътил бошида Краснодардан жўнаб кетгандим. Шартнома имзолашдан олдин Сергей Галицкий менга кўнғироқ қилди, бир-биримизга омад тиладик. Мен ҳисоблайманки, Сергей Николаевич каби инсонлар Россия футболига керак. У Россия футболи учун кўп иш қилмоқда, мамлакат футболи ҳақида кўп қайғурмоқда. У ўз жамоаси билан Россия чемпиони бўлишини тилайман. У бунга муносиб», — дея Аҳмедовнинг сўзларини келтирган ТАСС.