Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунни имзолади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунни имзолади
Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги қонунни имзолади. Қонунга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш жавобгарликка сабаб бўлади. Ҳужжат матни "Халқ сўзи" газетасида эълон қилинди. Ушбу Қонуннинг мақсади коррупцияга қарши курашиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солишдан иборат.
Шунингдек, ушбу норматив-ҳуқуқий ҳужжат давлат органлари, ташкилотлар ва фуқаролик жамияти институтлари томонидан амалга оширилаётган коррупцияга қарши чора-тадбирлар самарадорлигини оширишга, жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг намоён бўлишига йўл қўймаслик, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш орқали жамиятда коррупциянинг барча шаклларига нисбатан муросасиз муносабатни қарор топтиришга қаратилган.
Қонунга мувофиқ коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятни амалга оширувчи ва унда иштирок этувчи органлар ҳамда ташкилотларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш учун Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси ташкил этилади. Ҳужжатда «коррупция», «коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик», «манфаатлар тўқнашуви» каби асосий тушунчаларга изоҳ берилган. Шунингдек, коррупцияга қарши курашишнинг асосий принциплари келтириб ўтилган. Қонунга кўра, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот бераётган шахсларни таъқиб этиш жавобгарликка сабаб бўлади.