Ўзбекистон Президенти Жаҳон банки вице-президентини қабул қилди
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 январь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича вице-президенти Сирил Мюллерни қабул қилди.
Кун. ўз сайтига кўра, Ўзбекистон раҳбари меҳмонни самимий қутлар экан, Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорлиги изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлади.
Бугунги кунда ўзаро ҳамкорлик электр-энергетика, ирригация ва коммунал тармоқларни модернизация қилиш, сув таъминоти, ишлаб чиқариш, транспорт ва ижтимоий инфратузилмани ривожлантириш йўналишларида Жаҳон банкининг 2,8 миллиард доллар маблағи жалб этилган 33 қўшма лойиҳани ўз ичига олади.
"Толимаржон ИЭС – "Сўғдиёна" ПС" юқори вольтли линиясини қуриш, Бухоро ва Самарқанд шаҳарлари сув таъминоти, канализация тизимларини реконструкция қилиш, Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқариш, Ангрен – Поп темир йўлини электрлаштириш, қишлоқ хўжалиги корхоналари ва мева-сабзавотчиликни ривожлантириш каби кўплаб соҳаларда лойиҳалар, жумладан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимларидаги ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳалар амалга оширилди ва амалга оширилмоқда.