Ўзбекистон Япониянинг ҳудуддаги энг муҳим шериги
Брифингда Ўзбекистон иқтисодий дастурнинг устувор йўналишлари, сармоявий салоҳияти ва хорижлик бизнесменлар учун яратилган имтиёз ва қулайликлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди.
ТОШКЕНТ, 1 фев — Sputnik. Ўзбекистон ва Япония дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг 25 йиллигини нишонламоқда, деб хабар қилди "Жаҳон" ахборот агентлиги.Ушбу юбилей муносабати билан Токиода брифинг бўлиб ўтди. Унда Япония парламенти депутатлари, ҳукумат вакиллари, вазирлик ва идоралар ходимлари, жамоат арбоблари, олим ва тадбиркорлар иштирок этдилар.
Брифингда Ўзбекистон 2016 йилдаги ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг якунлари ва 2017-йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг устувор йўналишлари ҳақидаги фикр алмашилди.Шунингдек, тадбир доирасида Ўзбекистоннинг сармоявий салоҳияти ва хорижлик бизнесменлар учун берилган имтиёз ва қулайликлар тақдимоти ҳам бўлиб ўтди. "Япония — Ўзбекистон" Дўстлик ассоциацияси президенти Нобухико Шима Токио Ўзбекистонни Япониянинг Марказий Осийодаги энг муҳим ва ишончли шериги деб билишини ва Ўзбекистон билан ҳамкорлик Япониянинг минтақадаги ташқи сиёсатида устувор ўрин тутишини айтиб ўтди. "Ўзбекистон ўзининг сиёсий, иқтисодий ва демографик салоҳияти билан Марказий Осиёда тинчлик ва осойишталик таъминланишида фавқулодда муҳим ўринга эга. Шу боис Ўзбекистон билан шерикликни кенгайтириш ва чуқурлаштиришга Япония алоҳида эътибор қаратади",- деди Нобухико Шима. Ўз навбатида, "Petroleum Commercial" Япония миллий ассоциацияси директори, Япониянинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси Фумихико Като ҳам Ўзбекистонда ўтган даврини илиқ сўзлар билан эсга олди. "Ўзбеклар диёридаги фаолиятим давомида кўпгина соҳалардаги барқарор ривожланишга гувоҳ бўлдим. Мени, айниқса, мамлакатда ҳукм сураётган миллатлараро тинчлик ва ҳамжиҳатлик ўзига мафтун этади", — деди япон дипломати.