Шавкат Мирзиёев Покистон ва Афғонистон президентлари билан учрашди
(last modified Thu, 08 Jun 2017 14:08:54 GMT )
июн 08, 2017 19:08 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев
    Шавкат Мирзиёев

Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Покистон Ислом Республикаси бош вазири Навоз Шарифни қабул қилди. ЎзА хабарига кўра, учрашувда асосий эътибор мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни янада ривожлантириш истиқболлари, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш масалаларига қаратилди.

Кун.ўз сайтига кўра, Ўзбекистон Покистоннинг ШҲТга аъзо давлат сифатида қабул қилинишини қўллаб-қувватлаб, ташкилотга раислиги даврида бу масалага алоҳида эътибор қаратди. 

Мамлакатлар халқаро майдонда бир-бирини қўллаб-қувватлаб келмоқда. Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда давлатлараро, ҳукуматлараро ва идоралараро 50 га яқин ҳужжат имзоланган. Мамлакатда Покистон билан ҳамкорликда ташкил этилган 55 корхона фаолият кўрсатмоқда. 

Ўзбекистон Покистонга пахта толаси, кўнчилик хомашёси, транспорт ва туризм хизматларини экспорт қилади. Покистон мамлакатимизга дори воситалари, кимё ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етказиб беради, транспорт хизмати кўрсатади.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Покистон билан кўп қиррали ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини қайд этди. 

Покистон Бош вазири Навоз Шариф Покистон Ўзбекистон билан барча соҳаларда ҳамкорликни янада кенгайтиришдан манфаатдор эканини таъкидлади. 

ШҲТнинг Остона саммити доирасида Шавкат Мирзиёев ўзи учун ажратилган қароргоҳда Афғонистон Ислом Республикаси президенти Ашраф Ғани билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Афғонистондаги вазиятни сиёсий йўл билан ҳал этиш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш, иқтисодиётини ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлади. 

Ёрлиқ