Комилов БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили билан учрашди
(last modified Fri, 04 Aug 2017 13:21:49 GMT )
август 04, 2017 18:21 Asia/Tashkent
  • Комилов БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили билан учрашди
    Комилов БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг доимий вакили билан учрашди

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили этиб тайинланган Ҳелен Фрейзерни қабул қилди. Ҳелен Фрейзер ўзининг Ўзбекистонга тайинлангани тўғрисидаги БМТ Бош котиби Антониу Гуттерришнинг мактубини Вазирга топширди.

2017 йилнинг 3 август куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов БМТ Резидент-координатори, БМТ Тараққиёт дастурининг Ўзбекистондаги Доимий вакили этиб тайинланган Ҳелен Фрейзерни қабул қилди. Ҳелен Фрейзер ўзининг Ўзбекистонга тайинлангани тўғрисидаги БМТ Бош котиби Антониу Гуттерришнинг мактубини Вазирга топширди. Мулоқот давомида икки томонлама муносабатларнинг ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди.

Қайд этилганидек, БМТ Бош котиби Антониу Гуттерриш ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайннинг Ўзбекистонга ташрифлари ҳамда уларнинг Президент Шавкат Мирзиёев билан самарали музокаралари БМТнинг Ўзбекистонга ва бутун Марказий Осиё минтақасига эътибори кучайганидан далолат беради. Ҳозирги пайтда Ўзбекистон ва БМТни турли соҳалардаги унумли ҳамкорлик боғлаб турибди. Таъкидланганидек, асосий тамойил – инсон манфаатларининг ҳамма нарсадан устунлиги мамлакатимизда қабул қилинган 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси ва БМТ Бош Ассамблеяси томонидан тасдиқланган 2016-2030-йилларда Барқарор ривожлантириш мақсадларини бирлаштиради.

БМТ Ваколатхонасининг янги тайинланган раҳбарига 2017-2020-йилларда Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича Дастур (“Йўл харитаси”) лойиҳаси кўриб чиқиш учун тақдим этилди ҳамда унинг асосий бандлари бўйича тушунтириш берилди. Учрашувда айрим глобал ва минтақавий масалалар, жумладан БМТ шафелигида Ўзбекистонда бўлиб ўтадиган халқаро конференция кун тартиби юзасидан фикр алмашилди.