Марказий Осиёдан АҚШга бориш истагида бўлганлар ичида Ўзбекистон биринчи ўринда
Конгресс қарори билан жорий этилган "Турли миллатларга мансуб иммигрантлар виза дастури –DV" ҳар йили АҚШ Давлат Департаменти томонидан бошқарилади.
Тарихан иммиграция кўрсаткичи паст давлатлардан бўлган фуқароларга лойиҳага ажратилган умумий квотанинг 7 фоиздан юқори бўлмаган миқдорда "яшил карта"лар тарқатилади. Расмий рақамларга эътибор қилсак, АҚШ ҳукумати тахминан йилига беш юз минг нафар мигрантни у ёки бу давлат дастурлари, лойиҳа ва танловлар орқали қабул қилади. Қуйидаги жадвалдан намоён бўладики, Марказий Осиё давлатларидан Америкага боришни хоҳловчилар орасида ўзбекистонликлар кўплаб топилади.
Эътиборни тортадиган яна бир муҳим омил шуки, лотереяда иштирок этиш талаблари минимал даражада бўлиб, амалда иш тажрибаси ёки олий таълим муассасада ўқиганлик ҳужжатларини талаб қилмайди. Демак, бу бандлар ҳам иштирокчилар сони нега кўп эканлигини изоҳлаб бериши мумкин.
Шу билан бирга Kun.uz ушбу масала бўйича суриштирувлар ўтказиб, сўнгги уч йил ичида ташкил қилинган дастур ғолиблари орасида Самарқанд вилояти фуқаролари кўпчиликни ташкил этганига эътибор қаратди.