Афғонистон президенти октябрда Ўзбекистонга келади
-
Афғонистон президенти октябрда Ўзбекистонга келади
Ташриф мобайнида икки давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий шартнома ва келишувлар, шунингдек, бошқа масалалар ҳақидаги ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган
Жорий йилнинг 15 октябрь куни Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани бошчилигидаги делегация расмий ташриф билан Ўзбекистонга келади. Бу ҳақда «Telegraf.uz»га таяниб Кун уз сайти хабар берди.
Ташриф мобайнида икки давлат ўртасида сиёсий, иқтисодий шартнома ва келишувлар, шунингдек, бошқа масалалар ҳақидаги ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. Шунингдек, минтақавий хавфсизлик масалалари муҳокама қилиниши ҳам режалаштирилган. Афғонистон президенти Ўзбекистонга ташрифига ҳозирлик кўрилаётгани ҳақида ўтган ойда бу мамлакатнинг Ўзбекистондаги элчиси Сайид Шаҳобуддун Тимурий ҳам маълум қилган эди.
У мазкур ташриф доирасида хавфсизлик, темир йўл транспорти, энергетика, қишлоқ хўжалиги, енгил саноат, соғлиқни сақлаш, кимё ва автомобил саноати каби соҳаларда ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган 20дан зиёд давлатлараро, ҳукуматлараро, вазирлик ва идоралараро ҳужжатларнинг имзоланиши кўзда тутилгани ҳақида айтганди.