Алимент тўловчилар учун енгилликлар бериш режалаштирилмоқда
-
Алимент тўловчилар
ТОШКЕНТ, 23 сен — Sputnik. Парламент қуйи палатаси депутатлари алимент тўлаш билан боғлиқ қатор муаммоли масалаларни ҳал қилишга қаратилган қаонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқулладилар, деб хабар берди Sputnik мухбири.
Бугунги кунда республикада шундай амалиёт мавжудки, алиментни виждонан тўлаётган оталар хорижга чиқиш пайтида муаммога дуч келишмоқда. Бу эса қонунчиликда кўзда тутилган меъёрга боғлиқ, яъни суд ижрочиси ўз ташаббуси билан хорижга чиқишга тақиқ қўйиши мумкин. Бунда хорижга чиқишга тақиқ қўйилган шахс ҳатто хабардор ҳам қилинмайди.
Оқибатда хорижга чиқишга шайланган шахс аэропортда рўйхатдан ўтиш чоғида нохуш ҳолатга рўбарў келади — уни самолётга қўйишмайди. Бу ҳолатда бирон нарсани исботлашнинг ҳам фойдаси йўқ. Натижада ортиқча оворагарчилик, асаббузарлик юзага келади.
Бундан ташқари, Ўзбекистон президенти Виртуал қабулхонасига алимент тўлови билан боғлиқ мурожаатлар кўплаб тушаётганлиги ҳам бу борада муаммолар мавжудлигини кўрсатиб турибди.