Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Россияга уюштирган расмий сафари
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш мақсадида 10 октябрь куни Россия Федерациясининг Сочи шаҳрига ташриф буюрди
Меҳрибон ва раҳмли Аллоҳ номи билан.
Ассалому алайкум, қадрли тингловчилар.
Таҳлилий эшиттиришнинг бугунги сонини мен Аҳмаджон Сулаймонов эътиборингизга ҳавола этаман.
Бугунги суҳбатимиз “Ўзбекистон президентининг Россияга уюштирган расмий сафарига”га доир мавзуга бағишланади.
Эшиттиришимизни охиригача бизга ҳамроҳлик қиласиз деган умиддамиз.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш мақсадида 10 октябрь куни Россия Федерациясининг Сочи шаҳрига ташриф буюрди. Шавкат Мирзиёевни Сочи халқаро аэропортида Россия расмий доиралари ва МДҲ Ижроия қўмитаси вакиллари кутиб олди. Сочи шаҳрида ўтаётган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев билан Россия Федерацияси Президенти Владимир Путиннинг учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашув Сочи шаҳрида бўлиб ўтадиган МДҲ саммити бошланиши олдидан бўлиб ўтди. Владимир Путин Шавкат Мирзиёевни Сочига ташрифи билан қутлаб, Ўзбекистон президентининг жорий йил апрель ойида Россияга давлат ташрифи чоғида эришилган келишувлар изчил амалга оширилаётгани ва бу ўз самараларини бераётганини қайд этди. Россия президенти Ўзбекистонга саноат ҳамда қишлоқ хўжалиги вазирларининг ташрифлари самарали бўлганлигини ҳам алоҳида қайд этиб ўтди.
Шавкат Мирзиёев ҳам мазкур учрашувдан мамнунлигини билдириб, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари аниқ амалий мазмун билан бойиганини алоҳида таъкидлади. Ўзбекистон президенти ўтган қисқа давр ичида барча соҳалардаги муносабатларда ижобий ўзгаришлар бўлганлигини эътироф этди. Россия Ўзбекистоннинг муҳим савдо-иқтисодий шерикларидан ҳисобланади. 2016 йил охиридан бошлаб, Россия ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар турли соҳаларда ижобий томонга ўзгариб бормоқда. Ўзбекистонда Россиянинг етакчи компания ва банклари иштирокида йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда. Экспорт ва импортнинг барча кўрсаткичлари бўйича ўсиш кузатилмоқда. Йил бошидан буён ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3 миллиард доллардан ошган. Яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Ўзбекистон – Россия бизнес-форумида икки мамлакат ишбилармонлари кўплаб истиқболли келишувларга эришди. Саноат тармоқлари ўртасида кооперация кучаяётгани, бизнес вакиллари ҳамкорлиги кенгаяётгани, икки халқ ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бораётгани таъкидланди. Шунингдек, учрашувда икки томонлама ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди. Томонларни қизиқтирган халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашилди. Мирзиёев ва Путин икки мамлакатнинг бугунги ҳамкорлигини юқори баҳолашди.
Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги ҳамкорлик 2004 йил 16 июнда имзоланган Стратегик шериклик тўғрисидаги шартнома, 2005 йил 14 ноябрда имзоланган Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома асосида изчил ривожланиб бормоқда. Ўзбекистон ва Россия БМТ, ШҲТ, МДҲ каби халқаро тузилмалар доирасида ҳам самарали ҳамкорлик қилиб келмоқда. Ўзбекистон Президентининг Россияга давлат ташрифидан сўнг ўтган қисқа даврда ўзаро алоқалар сезилари фаоллашди. Ҳамкорлик доирасига янги соҳалар қўшилди. Кейинги ойларда ҳукуматлараро ва ҳудудлараро даражада бир қанча ташрифлар амалга оширилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерациясининг Сочи шаҳрида бўлиб ўтган Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида иштирок этди. Саммитнинг асосий тадбирлари 11 октябрь куни бўлиб ўтди. Сочидаги Халқаро конгресслар марказида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевни Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин кутиб олди. Дастлаб МДҲ давлат раҳбарлари тор доирада учрашув ўтказди. Унда Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, ушбу халқаро тузилма фаолиятини такомиллаштириш масалалари муҳокама қилинди, минтақавий ва халқаро масалалар юзасидан фикр алмашилди. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги 1991 йил 8 декабрдаги МДҲни тузиш тўғрисидаги битим ҳамда 1991 йил 21 декабрдаги мазкур битимга протокол асосида ташкил қилинган.
Ушбу халқаро тузилмага Ўзбекистон, Озарбайжон, Арманистон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия, Туркманистон, Тожикистон ва Украина аъзо ҳисобланади. Ижроия қўмита МДҲнинг ижро этувчи, маъмурий ва мувофиқлаштирувчи идорасидир. Ўзбекистон МДҲ доирасидаги кўп томонлама ҳамкорликда фаол иштирок этиб келмоқда. Бу аъзо мамлакатлар билан турли соҳалардаги алоқалар ривожига ҳисса қўшмоқда. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Ҳамдўстлик мамлакатлари билан савдо-иқтисодиёт, инвестиция, транспорт, туризм, илм-фан, таълим ва хавфсизлик соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлади. Йил бошидан буён Ўзбекистон билан МДҲ давлатлари ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсган. Ўзбекистон тузилмадаги иштирокини янада фаоллаштиради. Шу йил 3 ноябрь куни Тошкентда МДҲ Ҳукумат раҳбарлари кенгашининг йиғилиши ўтказилиши режалаштирилган. Ўзбекистон раҳбари аъзо мамлакатлар ўртасида ўзаро ишонч ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, Ҳамдўстлик доирасида янги, аниқ лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини қайд этди. Транспорт ва коммуникациялар ҳамкорликнинг стратегик муҳим йўналиши ҳисобланади. Ўзаро интеграциялашган транспорт тизимларини ривожлантириш, Ҳамдўстлик минтақасининг улкан транзит салоҳиятидан тўла фойдаланиш барча учун манфаатли. Маъмурий жараёнларни такомиллаштириш ва ўзаро имтиёзлар бериш бу борада муҳим аҳамият касб этади.
Туризм соҳасидаги имкониятлар ҳам тўла ишга солинмагани, бу имкониятларни таҳлил қилиш ва аниқ чора-тадбирлар ишлаб чиқиш зарурлиги таъкидланди. Йиғилишда Афғонистондаги вазиятга ҳам эътибор қаратилди. Жиноий даромадларни легаллаштириш, коррупция, терроризм, наркобизнес каби хавф-хатарларга қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди. МДҲга раислик қиладиган навбатдаги мамлакат масаласи кўриб чиқилди. Умумий қарорга мувофиқ, 2018 йилдан ушбу халқаро тузилмага раислик Тожикистон Республикасига ўтди. Давлат раҳбарлари музокараларни кенгайтирилган таркибда давом эттирди. Мажлисда Ҳамдўстлик мамлакатларининг Парламентлараро ассамблеяси фаолиятини такомиллаштириш, Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ва Иқтисодий кенгашини ривожлантириш, келгуси йилларда МДҲнинг маданий пойтахтларини белгилаш каби масалалар муҳокама қилинди. МДҲга аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг Оила институти ва анъанавий оилавий қадриятларни қўллаб-қувватлаш бўйича баёноти, Ҳамдўстликда 2019 йилни Китоб йили, 2020 йилни 1941-1945 йиллардаги улуғ Ватан урушида қозонилган ғалабанинг 75 йиллиги йили, деб эълон қилиш ҳақида қарор қабул қилинди. Ҳамдўстлик мамлакатларининг жиноий даромадларни легаллаштириш, терроризм ва қирғин қуролларини тарқатишни молиялаштириш, коррупцияга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорлигига доир концепциялар маъқулланди. Шунингдек, МДҲ мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган яна қатор ҳужжатлар қабул қилинди.
Муҳтарам тингловчилар, " Таҳлилий эшиттиришга" ажратилган вақт ўз ниҳоясига етди. Дастурларимиз давом этади. Мен эса сизлар билан хайрлашаман. Яна радио тўлқинларида учрашгунча хайр, меҳрибон ва раҳимли аллоҳ паноҳида қолинг.