Ўзбекистон Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги делегацияси АҚШга жўнаб кетди
Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг делегацияси АҚШга сафар қилди. Бу делегацияси 1 ноябргача АҚШда ташриф билан бўлади.
Кун.ўз сайтига кўра, ташрифнинг мақсади - Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида Американинг илғор технологиялари ва инновацияларини мамлакат агросаноат комплексига жорий этиш соҳасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, университетлараро ўзаро ҳамкорликни кучайтиришдан иборатдир.
Ташриф доирасида Ўзбекистон делегацияси Вашингтонда бир қатор учрашувлар ўтказади. Хусусан, Ўзбекистон делегацияси АҚШ Қишлоқ хўжалиги вазирлигида музокаралар олиб боради ҳамда қишлоқ хўжалигига Америка сармояларини жалб қилиш, бу соҳадаги мутахассисларнинг ўзаро ташрифларини ташкил этиш, ўзбек қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини АҚШга етказиб бериш бўйича қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалаларини муҳокама қилади.
Инновацион ва амалий қишлоқ хўжалиги фани соҳасидаги Ўзбекистон-АҚШ ҳамкорлигини чуқурлаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.