Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби ўринбосари билан учрашди
(last modified Thu, 02 Nov 2017 05:56:34 GMT )
ноябр 02, 2017 10:56 Asia/Tashkent
  • Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби ўринбосари билан учрашди
    Шавкат Мирзиёев БМТ Бош котиби ўринбосари билан учрашди

БМТ Бош котиби ўринбосари Юрий Федотов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга самимий қабул учун чуқур миннатдорлик изҳор қилди

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 1 ноябрь куни мамлакатимизга амалий ташриф билан келган БМТ Бош котиби ўринбосари, БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармаси ижрочи директори Юрий Федотовни қабул қилди. 

ЎзА хабарига кўра, Ўзбекистон раҳбари меҳмонни қутлар экан, Ўзбекистоннинг БМТ, унинг тузилмалари ва институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлиги жадал ривожланаётгани ва мустаҳкамланаётганини чуқур мамнуният билан қайд этди. Кейинги пайтларда Ўзбекистонга БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш, Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн, дин ва эътиқод эркинлиги масаласи бўйича махсус маърузачиси Аҳмад Шаҳид, БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Бош котиби Талеб Рифаи ва бошқаларнинг ташрифлари самарали амалга оширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президенти жорий йил сентябрь ойида Нью-Йорк шаҳрида БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида иштирок этди ва нутқ сўзлади, сессия доирасида ташкилот раҳбарияти билан қатор учрашув ва музокаралар ўтказди. Бугунги кунда мамлакатимизда БМТ билан амалий ҳамкорликни кенгайтириш бўйича қабул қилинган "йўл хариталари" доирасида қўшма тадбирлар ва лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда.

БМТ вакили Ўзбекистон раҳбари томонидан Марказий Осиёда тинчлик, осойишталик ва барқарор тараққиётни мустаҳкамлаш, минтақа мамлакатлари билан яхши қўшничилик, ўзаро англашув ва умумий манфаатлар асосидаги ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш бўйича амалга оширилаётган сиёсатни юқори баҳолади. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан БМТ Бош Ассамблеяси сессиясида баён этилган ташаббусларнинг долзарблиги ва ўз вақтида илгари сурилгани алоҳида таъкидланди. 

Ёрлиқ