Қирғизистон Ўзбекистонга Ўзбекистон эса Афғонистонга электр энергия етказиб беради
Қирғизистон Ўзбекистон билан ёзги 1 миллиард 140 миллион кВт.с электр энергияси экспортидан (бу июнь-октябрь) сўнг қишда қўшимча қарийб 550 миллион кВт.с электр энергиясини етказиб бериш бўйича келишувга эришган. Бу ҳақда Қирғизистон Миллий энергетик ҳолдинги бошқаруви раиси Ойбек Калиев Tazabek нашри онлайн-конференцияси давомида хабар берди.
«Нарх 2,4 центни ташкил этади. Бу бизнинг фикрча, қўшимча даромад, сабаби экспорт қилиш имконияти бор... Жорий йилда Тўктўгул сув омбори оқими 132 фоизни ташкил этди, кутилмаган оқим юзага келди ва ҳажмлар тарихий максимумга етди.
Кун.ўз сайтининг хабар беришича, Ўзбекистон ва Афғонистондаги Бағлон вилояти ўртасида янги электр узатиш линиясини қуриш нафақат йирик саноатчиларга фойда келтиради, балки хусусий сектордаги электр энергияси етишмовчилиги муаммосини ҳал қилишда ёрдам беради, деб хабар қилмоқда TOLOnews.
Афғонистон Миллий энергетика компанияси (DABS) расмий шахслари 19 ноябрь куни Ўзбекистондаги Сурхондарё ва Афғонистон шимоли-шарқидаги Бағлон вилоятида жойлашган Пули-Хумри ўртасидаги янги энергетик лойиҳанинг қурилиши яқин вақт ичида бошланишини маълум қилишди.
Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасида Сурхондарё-Пули-Хумри йўналиши бўйича электр энергиясини узатиш лойиҳаси икки мамлакат вакиллари томонидан Ашхободда 14-15 ноябрь кунлари бўлиб ўтган Афғонистонда иқтисодий ҳамкорлик бўйича Минтақавий конференция (RECCA) доирасида мувофиқлаштирилди.
«Бу лойиҳа Афғонистон делегациясининг Ўзбекистонга ташрифидан сўнг бошланади. Кейинчалик биз амалий ишларни бажаришга ўтамиз», - дея айтиб ўтди DABS раҳбари Омонулло Ғолиб.