Ўзбекистон делегацияси халқаро сайёҳлик кўргазмасида иштирок этмоқа
7 декабрь куни Travel Turkey Izmir-2017 халқаро сайёҳлик кўргазмаси ўз ишини бошлади, унда Ўзбекистон делегацияси биринчи маротаба иштирок этмоқда. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборот хизмати хабар берди.
Кун.ўз сайтининг хабар қилишича, Ўзбекистон сайёҳлик салоҳияти «Ўзбекистон» ягона Миллий стенди билан тақдим этилди, унда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси вакиллари, Бухоро, Тошкент ва Хоразм вилоятлари ҳокимларининг туризм соҳасини ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси вакиллари, «Зангиота» ва «Ҳаким ат-Термизий» мемориал мажмуаси раҳбарлари, шунингдек, Ўзбекистоннинг 12 йирик туристик компанияси вакиллари (East Asia Point, Orient Mice, Azimut Travel, Asia Tour Elite, Nanay’s Paradise, Expert Navigator, Bukhara Eco Travel, East Line Tour, Ulysee Tour, Uzintour, Ark Travel, Lola Tour Service), ҳаммаси бўлиб 53 киши иштирок этмоқда.
Бу йил 11-анъанавий Travel Turkey Izmir 2017 халқаро сайёҳлик кўргазмасида 83 давлатдан бўлган сайёҳлик саноатининг 40 мингдан зиёд вакили 119,400 квадрат метр майдонга эга замонавий кўргазма комплекси ҳудудида иштирок этмоқда.
Кўргазманинг биринчи кунида Ўзбекистон делегацияси Туркия Маданият ва туризм вазирлиги вакиллари, Туркия сайёҳлик агентликлари ассоциацияси (TURSAB) директор ўринбосари, Туркиянинг минтақавий органлари раҳбарлари, хусусан, Ургуп, Эскишеҳир, Кушадаси шаҳарлари мэрлари, хорижий сайёҳлик компаниялари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари билан учрашди.