Мирзиёев: МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди
https://parstoday.ir/uz/news/uzbekistan-i27249-Мирзиёев_МХХ_фаолиятини_ислоҳ_қилиш_вақти_келди
Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши.
(last modified 2026-04-23T05:49:35+00:00 )
декабр 23, 2017 12:30 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев: МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди

Мирзиёев ҳокимиятга келганидан буён Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши.

Шавкат Мирзиёев мамлакатнинг қудратли хавфсизлик хизматлари ислоҳ қилинишини эълон қилди.

Бу ҳақда Президент жума куни Тошкентда парламентга илк мурожаатномасида гапирган.

Бу Мирзиёевнинг ҳокимиятга келганидан Миллий хавфсизлик хизматини биринчи марта танқид қилиши.

Бунга қадар давлат раҳбари бошқа куч тизимлари фаолиятини ткескин танқид қилган, аммо Ўзбекистоннинг энг қудратли шахсларидан ҳисобланган генерал Рустам Иноятовнинг идораси бу танқидлардан четда қолаётганди.

Мирзиёевнинг айтишича, МХХнинг ваколатлари асоссиз равишда кенгайиб кетган ва чекланиши керак.

У МХХ 26 йил олдинги низом асосида ишлаб келаётгани ва унинг фаолиятини тартибга солувчи алоҳида қонун қабул қилиш вақти келганини таъкидлади.

"Ҳар қандай оддий ҳаракат ҳам МХХга қарши деб баҳолаб келинган. Ҳар қандай оддий масала ҳам миллий хавфсизликка таҳдид деб баҳолаб келингани ушбу идора ваколатларининг асоссиз кенгайиб кетишига сабаб бўлган. МХХ фаолиятини ислоҳ қилиш вақти келди. Шу сабабдан МХХ фаолияти тўғрисида қонунни ишлаб чиқиш вақти келди",- деб айтди Президент.

Иноятов раҳбарлигида МХХ Ўзбекистонда энг қудратли тизимга айланган.

Таҳлилчилар 73 ёшли МХХ раҳбари билан Президент Мирзиёев ўртасида қудрат учун яширин кураш мавжудлигини айтишади.

Ҳозирга қадар бу каби кураш юзага сизиб чиққанининг бирон белгилари кўрилмаган.