Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги чегара вакиллари фаолияти ҳақидаги Битим кучга кирди
Битим 2017 йилнинг 5 сентябрь куни Бишкек шаҳрида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Қирғизистонга давлат ташрифи чоғида имзоланган бўлиб, мазкур ҳужжат томонлар чегара вакилларининг давлат чегарасидаги чегаравий можаролар ва низоларни ҳал қилиш билан боғлиқ масалаларни ечиш бўйича фаолиятини тартибга солади.
ТОШКЕНТ, 27 дек – Sputnik. 2017 йил 26 декабрда Ўзбекистон ва Қирғизистон ҳукуматлари ўртасидаги чегара вакиллари фаолияти тўғрисидаги Битим кучга кирди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Хабарда айтилишича, Битимга мувофиқ чегара вакиллари участкалари доирасида ўз фаолиятида давлат чегарасини кесиб ўтиш бўйича ўрнатилган қоидаларга риоя этилишини назорат қиладилар ва уни белгиланган тартибни бузган ҳолда кесиб ўтишни олдини олиш бўйича чоралар кўрадилар.
Шунингдек, ваколатли давлат органлари билан биргаликда ноқонуний мигрантларни депортация қилиш (топшириш) ва контрабандага қарши курашиш бўйича зарур чораларни кўрадилар ва давлат чегарасида хўжалик ишларининг амалга оширилиши ҳамда чегара сув ҳавзалари сувидан фойдаланиш, овчилик ва балиқчилик қоидаларига риоя қилиш назоратини таъминлайдилар.
Бундан ташқари, давлат чегаралари орқали ёнғинлар, эпидемиялар, эпизоотиялар ва қишлоқ хўжалиги зараркунандаларининг тарқалиши хавфи тўғрисида бир-бирларини ўз вақтида хабардор қиладилар.
ТИВнинг билдиришича, ушбу икки томонлама ҳужжатнинг кучга кириши давлат чегарасида юз бераётган масалаларни ўз вақтида ечиш учун қўшимча ҳуқуқий механизм сифатида хизмат қилади.