Ўзбекистонда инфляция 14,4 %ни ташкил қилди
-
Ўзбекистонда инфляция
ТОШКЕНТ, 9 янв – Sputnik. Ўзбекистонда 2017 йилда истеъмол нархлари индекси (инфляция) 14,4 %ни ташкил қилди деб хабар қилмоқда Давлат Статистика қўмитаси матбуот хизмати.
Истеъмол нархлари индексини ҳисоблашда аҳоли энг кўп фойдаланадиган 350 турдаги товар ва хизматлар нархларининг ўсиши ҳисобга олинди. Улар уч йирик гуруҳга бўлинган: озиқ-овқат маҳсулотлари (96та), ноозиқ-овқат товарлари (188 та) ва хизматлар (66та).
2017 йилда Республика истеъмол секторида инфляция даражаси 14,4 % ни ташкил этди. Алоҳида гуруҳлар бўйича олганда: озиқ-овқат маҳсулотлари нархи — 15,9 %га, ноозиқ-овқат товарлари — 16,1 %га, хизматлар — 8,6 %га ўсди.
Нархи энг кўп ошган озиқ-овқатлар рўйхатидан ловия (42,4 %), тухум (36,1%), мол гўшти (35,9 %), нўхат (33,2%), парранда гўшти (33,1 %), қўй гўшти (31,4 %), шакар (28,8 %), маргарин (21,3 %), сут (20,6 %), сариёғ (19,9 %), творог (18,5 %), қаҳва ва чой (17,0 %), гуруч (16,2 %), ўсимлик мойи (15,3 %), пишлоқ (15,1 %), қандолат маҳсулотлари (14,0 %), буғдой уни (10,4 %) ўрин олган.
Экспертлар фикрига кўра 2018 йилда 2018 йилда республикада инфляция 14,3 %ни ташкил қилиши кутилмоқда.