Шошилинч! Қозоғистонда автобуси музлаб қолган 41 ўзбекистонлик қутқарилди
Ҳодиса 22 январ тунда содир бўлган. Қутқарилганларнинг ичида 2 нафар бола ҳам борлиги айтилмоқда. Қозоғистоннинг Петропавлидан Сариоғоч туманига келаётган автобуснинг дизель ёнилғиси музлаб қолган.
Қозоғистон Фақулодда вазиятлар қўмитаси "Остона-Петропавл" йўлининг 54 километрида Сариоғочга келаётган йўловчи автобусини қутқарган.
Казинформ хабар агентлигининг ёзишича, қаттиқ совуқдан автобуснинг дизель ёнилғиси музлаб қолган.
Қутқарилган йўловчилар ва қозоғистонлик икки ҳайдовчи Бозайғир овулидаги коллеж ётоқхонасида ташкил қилинган исиниш марказига олиб келинган.
Қозоғистон Фақулодда вазиятлар қўмитаси сайтида ёзилишича, Қозоғистондаги қаҳратон совуқ йўлларда юришни хавфли қилган.
Ақмўла вилояти ҳудудида шторм ҳақида огоҳлантириш эълон қилинган. Ҳаво ҳарорати тунда - 35 ... - 40 даражагача совуб кетиши кутилмоқда. Совуқ ҳаво қарийб бир ҳафта сақланиб туриши айтилмоқда.
Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги фуқароларни кутилаётган кучли совуқлар туфайли Қозоғистоннинг шимолий, марказий ва шарқий ҳудудларига автобус ва енгил машиналарда саёҳат қилмай туришликка чақирди.
18 январ куни Чимкентдан Россияга кетаётган автобус ёниб кетиши натижасида 52 Ўзбекистон фуқароси ҳалок бўлган.
Автобус ёниб кетишига салонда очиқ оловдан нотўғри фойдаланиш сабаб бўлгани айтилди.
Ҳалокатдан 3 соат олдин яқинларига видеохабар юборган ҳайдовчи Мақсат Пернебеков ташқарида ҳаво 40-25 даража совуқлигини ва ўзи ҳам автобус ичида иккита куртка кийиб ўтирганини айтган.