Шаҳобиддин Зоиров Ўзбекистон учун яна бир олтин медаль олиб берди
Ўзбекистонлик боксчилар яна бир олимпиада олтин медалига эга бўлди.
Олимпиаданинг 52 килограммгача бўлган боксчилари ўртасидаги турнирида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилаётган Шаҳобиддин Зоиров бугун финал олтин медаль учун жанг ўтказди. Бу ҳақда Кун.уз сайти хабар қилган.
У россиялик тажрибали боксчи Миша Алоянга қарши рингга чиқди ва рингда тўла устунлик қилиб, ҳакамлар қарорига кўра ғолиб деб топилди.
Ўзбек боксчиси жангни тўғри тактика асосида жуда яхши бошлади. У рақибга аниқ зарбалар бериб, мустаҳкам ҳимояланаётган эди. Аммо биринчи бўлим ўрталарида у рақибнинг 3-4та аниқ зарбасини ўтказиб юборди. Шунга қарамай, у ўзига келиб олди ва раунд сўнгида йўқотилган очколарни тиклашга ҳаракат қилди. Биринчи бўлим учун ҳакамларнинг икки нафари устунликни Алоянга, бир нафари Зоировга берди. 10:9, 9:10, 9:10.
Иккинчи раунд ўзбекистонлик спортчининг тўла устунлиги остида кечди. Шаҳобиддиннинг кетма-кет аниқ зарбалари Мишани деярли мувозанатдан чиқарди. Ҳакамларнинг барчаси иккинчи бўлим учун устунликни боксчимизга беришди. Натижада сўнгги бўлим олдидан ҳисоб 20:18, 19:19, 19:19 кўринишга келди.
Учинчи раундда ҳам вазиятни назорат қилган ўзбекистонлик спортчи ғалаба қозониб, олтин медаль билан қайтадиган бўлди: 3:0 — 30:27, 29:28, 29:28!