Ўзбекистон Тожикистонга 100 миллион доллар қарз бермоқчи
(last modified Sat, 17 Feb 2018 06:18:39 GMT )
феврал 17, 2018 11:18 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Тожикистон
    Ўзбекистон Тожикистон

Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистонга ташрифи доирасида Тошкент ва Душанбе ўртасида тожикистонлик тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун 100 млн доллар ажратиш ҳақида ҳукуматлараро келишув имзоланади.

Кун.уз сайтига кўра, имтиёзли кредит сифатида ажратиладиган маблағлар Тожикистон банкларидан бирининг ҳисоб рақамига ўтказилади. Бу ҳақда “Азия-Плюс”нинг Тожикистон ҳукуматидаги манбаси маълум қилди. 

Тақдим этилувчи кредит тожик томони учун катта имтиёзларни кўзда тутади.

“Ўзбекистон шартларига кўра, пуллар Ўзбекистоннинг давлат ва хусусий корхоналари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича аниқ бизнес-режаларга эга тожик тадбиркорларигагина кичик фоизлар билан тақдим қилинади”, деб маълум қилган манба. 

Расмий статистик маълумотларга кўра, 2017 йилда Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айланмаси 2016 йилга нисбатан 82 фоизга ўсган ва 126 млн долларни ташкил қилган.     

Икки давлат товар айланмаси структурасида 69 млн доллар Ўзбекистон маҳсулотларининг Тожикистонга импортига, 57 млн доллар эса Тожикистон маҳсулотларининг Ўзбекистонга экспортига тўғри келади.

Ёрлиқ