Тошкент вилоятининг собиқ прокурори қўлга олинди
Тошкент вилоятининг собиқ прокурори, адлия катта маслаҳатчиси Жамшид Файзиев 24 февраль куни ўз уйидан қўлига кишан тақилган ҳолда олиб кетилган
Кун.уз сайтига кўра,айни вақтда унга нисбатан жиноят иши очилган ва тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Маълум қилинишича, Жамшид Ботирович Файзиев Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 205-моддаси («Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш») ва 210-моддаси («Пора олиш») бўйича айбланиши мумкин.
Жамшид Файзиев ўз вақтида Ўзбекистоннинг биринчи президенти Ислом Каримовнинг ҳуқуқ-тартибот органлари ва куч ишлатар тизимлар фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича давлат маслаҳатчиси бўлган. Муқаддам бош прокурор ўринбосари бўлган Файзиев 2013 йил 19 мартида шу лавозимга тайинланиб, 9 ой ишлагач, йил охирида, 25 декабрда Тошкент вилояти прокурорлигига ўтказилганди.
Ўзбекистоннинг янги президенти 2017 йилнинг 8 январида ўтказилган видеоселектор йиғилишида Жамшид Файзиевни танқид қилиб, уни киноя билан «Жаноб Файзиев» дея атаганди.
2017 йилнинг 2 августида ўтказилган видеоселекторда президент прокурорларни «энг катта ўғрилар» деб атаган, Тошкент вилояти прокурори Жамшид Файзиевга танбеҳ бериб, унга вазиятни ўнглаш учун 10 кун муҳлат берганди.
«Дунёқарашингни ўзгартирмасанг, кеч бўлади. Сенга ўн кун муҳлат, қадамларинг барибир ёқмаяпти. Битта ўзинг қолдинг, ҳаммани ишдан олдим. Биз янги бош прокурор қўйганмиз. 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Аввалги бош прокурордан қолган ўғри тизимдан қолганларнинг асосий қисмини ишдан олдик. 15-20 фоизи юрибди. Файзиев ҳам шулардан. Барибир охиригача ўзгартирамиз», деганди ўшанда президент.