Мирзиёев экспорт ҳажмини кўпайтириш шарт ва зарур эканлигини таъкидлади
(last modified Wed, 28 Feb 2018 06:21:05 GMT )
феврал 28, 2018 11:21 Asia/Tashkent
  • Мирзиёев
    Мирзиёев

Ўзбекистон Республикаси президенти Шавкат Мирзиёев раислигида кенгайтирилган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда 2018 йил январь-февраль ойларида товар ва хизматларни экспорт қилиш топшириғини бажариш ҳолати, бу борада йўл қўйилаётган камчиликлар, уларни бартараф этиш, мавжуд захираларни аниқлаш ва тўлиқ ишга солиш чора-тадбирлари муҳокама қилинди.

«Kun.uz» мухбири хабар беришича, видеоселекторда Шавкат Мирзиёев барча вазирлик, ассоциация ва ҳокимликларга рақобатбардош маҳсулотларни ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш борасида кескин фикрларини билдирди.

Мутасаддиларга мамлакатга кириб келаётган импорт товарларни чуқур ўрганиб, таҳлил қилиш масаласи юклатилиб, маҳаллий бозорни ўзимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар билан тўлдириш энг долзарб вазифа эканлигига тўхталди. 

Жорий йилнинг январь ойида импорт ҳажми 57 фоиз, яъни 412 миллион долларга ошиб кетгани айтилиб, экспортни импортга нисбатан ҳажми пайсайиб кетгани танқид остига олинди.     

Видеоселекторда Бош вазир ва унинг ўринбосарлари, тегишли вазирлик ва идоралар раҳбарлари иштирок этди. Шунингдек, видеоконференция алоқаси орқали жойлардан Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри раҳбарияти, маҳаллий ҳокимликлар, вазирлик ва идораларнинг ҳудудий тузилмалари, экспортчи корхоналар вакиллари ҳам ушбу видеоселекторда қатнашди.

Йиғилиш танқидий руҳда ўтди. Давлат раҳбари экспорт режасининг бажарилишидаги камчиликларни чуқур таҳлил қилиб, асосий йўналиш ва вазифаларни белгилаб берган.

«Ҳокимлар ҳар куни экспорт ҳажмини кўпайтиришга ҳаракат қилади. Экспортни кўпайтиришни ўйламайдиган раҳбар бизга керак эмас!», дея таъкидлаган президент.