Ўзбекистон Республикаси адлия вазири БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари билан учрашди
(last modified Sat, 03 Mar 2018 06:19:48 GMT )
март 03, 2018 11:19 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Республикаси
    Ўзбекистон Республикаси

БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг Женевада бўлиб ўтаётган 37-сессияси доирасида таркибида Ўзбекистон Республикаси адлия вазири Р.Давлетов ва Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директори А.Саидовлардан иборат бўлган мамлакат делегацияси БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Зайд Раад ал-Ҳусайн билан учрашди.

Кун.уз сайтига кўра, учрашув чоғида Ўзбекистон ва БМТ ўртасидаги инсон ҳуқуқлари бўйича ҳамкорликнинг бугунги кундаги ҳолати ва истиқболлари муҳокама этилди.   Олий комиссар Ўзбекистонда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилган ишлар, жумладан, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли  ҳимоя қилиш, одил судловга эришишни такомиллаштириш, суд жараёнининг самарадорлиги ва сифатини ошириш борасидаги кенг кўламли ислоҳотларга катта қизиқиш билдирди.

Шунингдек, Олий комиссарга Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги ижроси асосий натижалари ҳамда Ўзбекистон ва БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссар бошқармаси ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилган “Йўл харитаси”  тўғрисида батафсил маълумот берилди. 

Зайд Раад ал-Ҳусайн ўзининг  2017 йилнинг май ойида юртимизга қилган ташрифи, президент Шавкат Мирзиёев билан Тошкент ва Нью-Йоркдаги музокараларини илиқ хотирлади. 

Олий комиссар мамлакат ҳаётининг барча жабҳаларида  амалга оширилаётган изчил демократик ўзгаришларни ижобий баҳолади. Жумладан, суд-ҳуқуқ тизимидаги ислоҳотларнинг, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш борасидаги  ишларнинг муҳимлигини таъкидлади. 

БМТ ИҲОКБ раҳбари Ўзбекистон тараққиёт йўлининг тўғри босқичида эканини алоҳида қайд этди. Юртимизда ҳукм сураётган миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни асраб-авайлаш муҳимлигига эътибор қаратди.