Ўзбекистон президенти Россия молия вазирини қабул қилди
(last modified Wed, 07 Mar 2018 06:26:46 GMT )
март 07, 2018 11:26 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон президенти
    Ўзбекистон президенти

Шавкат Мирзиёев 6 март куни икки томонлама идоралараро маслаҳатлашувлар ўтказиш учун мамлакатимизга амалий ташриф билан келган Россия Федерацияси молия вазири Антон Силуановни қабул қилди.

Кун.уз сайтига кўра, бугунги кунда икки мамлакат молия вазирликлари ўртасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йил апрель ойида Россия Федерациясига давлат ташрифи чоғида имзоланган Ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум доирасида яқин ўзаро ҳамкорлик йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилди.

Хусусан, юқори тоифада ва экспертлар даражасида икки томонлама тадбирлар ўтказилмоқда, илғор тажриба ва ахборот алмашиш борасида фаол иш олиб борилмоқда, қўшма дастур ва лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда. 

Учрашувда молиявий соҳадаги самарали мулоқотни янада ривожлантириш истиқболлари кўриб чиқилди. 

Молия, солиқ ва божхона органларини модернизация қилиш, бюджетни режалаштириш, маҳаллий бюджетлар мутаносиблигига эришиш, молиявий назорат буйича самарали механизмларни такомиллаштириш ва бошқа йўналишлар бўйича илғор тажриба, технологиялар ва билимларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

Қўшма лойиҳаларни молиялаштириш, Россиянинг етакчи таълим муассасалари негизида соҳа учун юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш борасида ҳамкорлик имкониятлари муҳокама қилинди. 

Ёрлиқ