Cамолётдан олтин сочилди
Россиянинг Якутск аэропортидан хабар қилишларича, Ан-12 транспорт самолёти осмонга кўтарилаётган пайти "ўта қимматли юк" тушиб кетган.
"15 март куни "Нимбум" авиакомпаниясига тегишли Ан-12 транспорт самолёти Якутск аэропортидан кўтарилаётганда ҳаво оқими юк люкининг чап тавақасини юлиб олган. Экипаж ҳаво кемасини Якутск аэропортига қайтариш ҳақида қарор қабул қилган", дейилади хабарда.
Дастлаб самолётдан олтин қулагани ҳақида ҳабар тарқалган. Кейинчалик "Интерфакс" ахборот агентлигига гапирган расмийлардан бири, самолётга ортилган юк олтин эмас, кумуш эди, деб айтган. "Мендаги ахборотга кўра, бортда кумуш қуймалари бўлган. Ҳаммаси бўлиб қимматбаҳо металлнинг 200 қуймаси. Юкнинг бир қисми учиш-қўниш йўлагига тушган", - деб айтган "Интерфакс" манбаси.
Ушбу ҳодиса юзасидан текширув бошлаган Россия Тергов қўмитаси хабарида сўз "9,3 тоннага яқин қимматбаҳо металл" ҳақида боради.
Тергов қўмитасига кўра, юк Чукоткадаги кон-металлургия компаниясига тегишли бўлган. Бу компания Чукоткадаги Купол деб номланадиган конда қазиш ишлари билан шуғулланадиган Канаданинг Kinross Gold корпорацияси таркибига киради.
"Интерфакс" ахборот агентлигига Kinross Gold ширкатининг Москвадаги ваколатхонаси раҳбари Станислав Бородюк айтишича, учоқдан қулаган қуймалар Доре қоришмаси деб аталади, унинг таркибига кумуш ва олтин киради(унинг неча фоизини олтин, неча фоизини кумуш ташкил этиши ҳақида маълумот бермаган.
Жаноб Бородюк сўзларига кўра, тўкилиб кетган ҳамма қуймалар топилган. "Барча юк йиғиб олинди, ҳеч қандай йўқотиш йўқ, шунинг учун суғурта масаласи ҳам кўтарилгани йўқ", деб айтган Станислав Бородюк.