Тошкентни титратган прокурор терговда
-
Тошкентни титратган прокурор терговда
Тошкент шаҳар прокурорининг коррупция ва иқтисодий жиноятлар бўйича собиқ ўринбосари, «Антибиотик» лақабли адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев ва унга яқин бўлган бошқа прокурорлар айни вақтда тергов қилинмоқда.
Бу ҳақдаги хабарлар Бош прокуратура томонидан тасдиқланди. «Бош прокуратура томонидан Р.Қодировга нисбатан ўтказилаётган жиноят иши тергови доирасида Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари М.А.Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи М.Х.Мирзаева, ўғли А.М.Мирзаев иштирокида жуда кўп миқдорда пора олиш, бошқа мансабдорлик жиноятларини содир этганлик ҳолатлари юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Шу муносабат билан, агар Сиз кўрсатилган шахслар томонидан содир этилган пора олиш, мансаб ваколатларини суиистеъмол қилиш ёки бошқа жиноий қилмишлар оқибатида жабрланувчи ёки гувоҳ бўлган бўлсангиз, Бош прокуратурага ариза билан мурожаат қилишингиз ёки 233-63-33, 236-00-76 телефон рақамлари орқали хабар беришингиз мумкин», дейилган хабарда.
Февраль ойи охирида ОАВда Рашид Қодиров кўрсатмаларидан кейин адлия маслаҳатчиси Мирағлам Мирзаев, унинг турмуш ўртоғи, «Юнусобод адвокатлар коллегияси» раҳбари Муҳаббат Ҳасанова, уларнинг ўғли, МХХнинг Тошкент шаҳар бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси собиқ бошлиғи Абдурашид Мирзаев, Мирағлам Мирзаевнинг жияни (Миръазам Мирзаевнинг ўғли), МХХ Тошкент вилоят бошқармаси ҳузуридаги Терроризм ва ууюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлинмаси бошлиғи Мансур Мирзаев қўлга олиниб, уларга нисбатан Жиноят Кодексининг 205-моддаси (Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 210-моддаси (Пора олиш) бўйича жиноят иши очилгани айтилганди.
Мирағлам Мирзаев халқ орасида «Тошкентнинг темир прокурори» дея ном олган.
Март ойи бошида Бош прокуратура Мирзаев собиқ бош прокурор иши бўйича ушланмаганини маълум қилди.