Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни кенгайтиради
(last modified Sun, 25 Mar 2018 08:01:29 GMT )
март 25, 2018 13:01 Asia/Tashkent
  • «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси Шуҳрат Шералиев
    «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси Шуҳрат Шералиев

Ўзбекистон қўшни Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни кенгайтиришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда «Ўзбекэнерго» АЖ бошқаруви раиси Шуҳрат Шералиев Халқаро Симпозиумлар саройида ташкил этилган тадбирда маълум қилди.

«Ўзбекэнерго» мазкур режани амалга ошириш учун янги «Сурхон-Пули-Хумри» электр энергияси узатиш линиясини қуришни амалга оширади.

Маълумки, 2017 йил декабрь ойида Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғанининг Ўзбекистонга ташрифи доирасида «Сурхон-Пули-Хумри» 500 кВт.лик электр узатиш линиясини қуриш бўйича келишув имзоланган эди. Шуҳрат Шералиевнинг айтишича, Ўзбекистон ўз ҳудудида қурилиш ишларини бошлаб юборган. 2018 йил июнь ойидан Афғонистон ҳудудида ҳам қурилиш ишлари бошланади. 

ЭУЛ (электр узатиш линияси) узунлиги 260 км.ни ташкил этади. У Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш имкониятини 70 фоизга кенгайтириш имконини беради. Бу йилига 6 млрд кВт.с электр энергияси демакдир. Умумий қиймати 150 млн АҚШ долларига баҳоланган лойиҳа 2020 йил охиригача амалга оширилиши керак. 

Афғонистон ҳукумати лойиҳага 120 млн долларга яқин маблағ ажратади. «Ўзбекэнерго» АЖ ҳам ўз маблағларини йўналтиради. Маълумотларга кўра, Ўзбекистон Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни 2002 йилда бошлаган. 2017 йили Ўзбекистон жанубий қўшнисига 1,8 млрд. кВт.с электр энергия етказиб берган. Жорий йилда бу рақам 2 млрд кВт.соатни ташкил этади. 

Янги электр узатиш линиясини барпо этиш, Ўзбекистоннинг Покистон бозорига ҳам чиқиш имконини беради. 

Ёрлиқ