март 29, 2018 11:08 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Мудофаа вазири Беларусь республикаси ҳарбий делегациясини кутиб олди
    Ўзбекистон Мудофаа вазири Беларусь республикаси ҳарбий делегациясини кутиб олди

Ўзбекистон Республикасига расмий ташриф билан Беларусь Республикаси Мудофаа вазири генерал-лейтетант Андрей Равков бошчилигидаги ҳарбий делегация келди. 

28 март куни Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири генерал-майор Абдусалом Азизов Белоруссия ҳарбий делегациясини қабул қилди.

Учрашувда мудофаа соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати муҳокама қилиниб, истиқболдаги режалар белгилаб олинди. Ўзаро манфаатли ҳамкорликларни кучайтириш борасида фикрлар алмашилди. 

Беларусь Республикаси Мудофаа вазири Ўзбекистон халқини ўтган Наврўз – Умумхалқ байрами билан чин дилдан муборакбод этиб, мамлакатларимиз ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик йўналишларида ўсиш суръатлари ортиб бораётганини алоҳида таъкидлади. Шунингдек, учрашувда мамлакатлараро ҳар томонлама ва кўп режали ҳамкорликни ривожлантиришда катта ютуқлар қўлга киритилгани айтиб ўтилди.  

Жумладан, қисқа вақт давомида ҳарбий ҳамкорликнинг ҳуқуқий-меъёрий базасини кенгайтириш борасида салмоқли ишлаш қилинди: Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари академияси ва Беларусь Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий академияси ўртасида ҳамкорлик Меморандуми тузилди (2017 йил 20 июлда, Минск шаҳрида), 2018 йилда икки давлат мудофаа вазирликлари ўртасида Ҳарбий ҳамкорлик режаси имзоланиб, унинг доирасида тадбирлар амалга ошириляпти. 

Суҳбат давомида меҳмон давлат томонидан Ўзбекистон ҳарбий хизматчиларининг махсус қўшинлар ўртасида Беларусда мунтазам ўтказиб келинаётган «Доблесть и мастерство» мусобақасида иштирок этишига таклиф билдирилди.

Учрашув сўнгида Ўзбекистон ва Беларусь мудофаа вазирликлари ўртасида ҳарбий соҳада ҳамкорлик бўйича Битим имзоланди.

Шу куннинг ўзида Беларусь Республикаси Мудофаа вазири Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши котиби Виктор Маҳмудов билан музокаралар ўтказди.

Ёрлиқ