апрел 09, 2018 11:37 Asia/Tashkent
  • Чақалоқ баданидаги игналарга оид жиноят иши тўхтатилди

Тошлоқлик 11 ойлик чақалоқнинг танасидан 16 дона игна топилгани юзасидан очилган жиноят иши қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш ёхуд бошқа бирон-бир жиноят таркиби аниқланмагани оқибатида тўхтатилди.

Фарғона вилоят прокуратураси бу ишни 2018 йилнинг 31 март куни ҳаракатдан тугатиш ҳақида қарор қабул қилган.

Фарғона вилоят прокуратурасининг билдиришича, мазкур иш юзасидан 11 ойлик чақалоқ Азизбек Абдумажидовнинг онаси, бувилари, опоқилари, тоғаси, холаси, келинойисининг руҳий ҳолатини текшириш юзасидан ўтказилган суд-психиатрия экспертизаси хулосаларига кўра, улар руҳий соғлом бўлиб чиққан. Бундан ташқари қатор гувоҳлар ҳам сўроқ қилиниб, жиноят аломатлари топилмаган.

17 январь куни Фарғона вилояти Тошлоқ туманида туғилган Азизбек Абдумажидов баданида 16та пўлат игна борлиги аниқланиб, оғир аҳволда Тошкентдаги Шошилинч тиббий ёрдам илмий марказига олиб келинган ва 9 соат давом этган жарроҳлик амалиёти пайтида бола танасидан 13та игна олиб ташланган эди. Чақалоқ 14 март куни соғайиб уйига қайтган.

Ёрлиқ