Ўзбекистон Бош вазири кўзбўямачиликда пешқадам вилоятларни санаб ўтди
(last modified Wed, 18 Apr 2018 04:42:33 GMT )
апрел 18, 2018 09:42 Asia/Tashkent
  • Ўзбекистон Бош вазири
    Ўзбекистон Бош вазири

ТОШКЕНТ, 18 апр — Sputnik. Энди мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳолат аниқлангудек бўлса, бу прокуратура, ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда фавқулодда ҳолат сифатида кўриб чиқилади, деб хабар берди "Қалампир" нашри.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан бугун, 17 апрель куни ҳукумат раҳбари Абдулла Арипов бошчилигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида бир неча бор огоҳлантиришларга қарамасдан, ўқитувчи ва шифокорларни ўзларига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб қилиш ҳолатлари муҳокамага қўйилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Ариповнинг йиғилишда маълум қилишича, Мирзиёев энди мажбурий меҳнатга жалб этиш билан боғлиқ ҳолат аниқлангудек бўлса, буни прокуратура, ҳуқуқ-тартибот органлари билан биргаликда фавқулодда ҳолат сифатида кўриб чиқиш юзасидан топшириқ берган.

Бош вазир бугунгача аниқланган кўзбўямачилик ҳолатлари ҳақида гапираркан, биринчи мисол Қашқадарё, Жиззах вилоятларидаги ҳолатга тўхталди.

"Қашқадарё вилоятига кўча юзида иссиқхоналарни ташкил этишда, Жиззах вилоятида коллеж ўқувчиларини текстиль фабрикаси ходимлари сифатида фойдаланиш ҳолатлари юз берган. Бундай ҳолатлар эса аҳоли ўртасида турли норозилик кайфиятининг келиб чиқишига асосий сабаблардан бири бўлмоқда".

Бош вазирга кўра, нафақат ўқитувчи ва шифокорлар, ҳатто, мактабгача таълим муассасалари ходимлари ҳам мажбурий меҳнатга ҳам жисмонан, ҳам моддий жалб этилган.

Ёрлиқ