Ўзбекистон ва Тожикистон қўшма ҳарбий машғулотлар ўтказади
Бугунги кунгача ҳар икки давлат мудофаа идоралари қўшма машғулотларни ўтказиш муддати, ушбу тадбирга жалб этиладиган аскар ва зобитлар, ҳарбий техникалар миқдори масаласини ўрганиб чиқишяпти.
Машғулотлар икки қўшни давлат ҳудудларида жойлашган бир нечта полигонда ўтказилиши мумкин, деб ёзмоқда “Халқ сўзи”.
Кун.уз сайтига кўра, Икки мамлакат Қуролли кучлари вакиллари қўшма машғулотлар пайтида халқаро терроризмга қарши курашиш бўйича ҳамкорлик масалаларини ишлаб чиқилади.
“АП” манбасига кўра, Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти этиб сайлангунга қадар мазкур икки мустақил давлат ҳарбий қўшма машғулотларни бирор марта ҳам ташкил этмаган. Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳарбийлари ШҲТнинг 2011 йилдан бери ўтказиб келинаётган “Тинчлик миссияси” аксилтеррор машғулотларида ҳам қатнашмаган.
Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов 2017 йил 11-13 октябрь кунлари Тожикистонга ташриф буюрганди. Бу мустақиллик йилларида мамлакат мудофаа вазирининг қўшни республикага илк сафарига айланди.
Ўшанда у МДҲга аъзо давлатлар мудофаа вазирлари кенгашида қатнашган ва Тожикистон Мудофаа вазирлиги раҳбарияти билан учрашиб, ҳарбий соҳада ҳамкорлик қилиш масалаларини муҳокама қилганди.