Шавкат Мирзиёев: Россия билан АЭС қурилиши бўйича ҳужжат имзолашни режалаштиряпмиз
Ўзбекистон 2018 йилда Россия билан мамлакат ҳудудида атом электр станцияси қуриш бўйича ҳужжат имзолашни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қандим газ мажмуасининг очилиш маросимида маълум қилди, деб хабар беради«ТАСС».
«Ўйлайманки, жорий йилда атом станцияси қурилиши бошланиши ҳақида ҳужжат имзолаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.
2017 йилнинг 29 декабрида Россия ва Ўзбекистон ўртасида атом энергиясидан тинчлик мақсадида фойдаланиш юзасидан ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро келишув имзоланган эди.
Ҳужжатда Ўзбекистонда миллий инфраструктурани яратиш ва такомиллаштириш, атом энергетикаси соҳасида кадрлар тайёрлаш, мамлакатда АЭС ва тадқиқот реакторлари қуриш, шунингдек, уларнинг фаолиятини доимий кузатиб бориш ўзаро ҳамкорлик учун истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.
Ўзбекистонда уран конлари разведкаси, радиоактив изотоплар ишлаб чиқариш ва уларни саноат, тиббиёт ва қишлоқ хўжалигида қўллаш, илмий ва фундаментал тадқиқотлар борасида ҳамкорлик ҳам кўзда тутилган.