Ўзбекистонга қудратли армия керакми?
Ўзбекистон Қуролли Кучлари энг қудратли учта МДҲ давлатидан биттаси, деб топилган.
Янги рейтинг globalfirepower.com веб-сайти томонидан эълон қилинган.
МДҲ давлатлари орасидан Ўзбекистондан олдинги ўринларни Россия ва Украина эгаллашган.
Рейтинг дунё давлатларининг жанговор қобилиятини кўрсатишни мақсад қилган.
Унда жаҳоннинг 126 давлатининг ҳарбий салоҳияти ўрганилган.
Ўзбекистон янги рейтингда бир йил ичида 9 поғона юқорилаган. Умумий рўйхатда 39-ўринга кўтарилиб олган.
Янги рейтингда жаҳоннинг энг қудратли армияси деб яна АҚШ ҳарбийлари топилган.
Бу йил ҳам иккинчи ўринда Россия, учинчи ўринга Хитой армияси қўйилган.
Рейтингни тузувчилар у ёки бу мамлакат армиясининг қудратини баҳолашда, одатда, 50 дан ортиқ омилларга таянганларини айтадилар.
Буларга қўлига қурол олишга имконли инсонлар сони, ишга яроқли аҳоли, қуруқлик, ҳаво ва денгиз флотлари ва бу йўналишдаги қуролли кучлари ихтиёридаги қурол-аслаҳа ва техника, нефть ёки сув сингари ресурсларга эгалиги, мудофаа мақсадига ҳар йили бюджетдан ажратиладиган маблағ, жўғрофий жойлашиши, денгизга чиқиш имкониятига эга ёки йўқлиги сингарилар кирган.
Жанговор рейтингни тузишда АҚШ Марказий Истиҳборот агентлиги веб-сайти, АҚШ Марказий Истиҳборот агентлигининг World Factbook маълумотномаси, Wikipedia веб-сайти ва оммага очиқ домен ва матбуот маълумотларидан фойдаланилгани, расмий маълумотлар мавжу бўлмаган бўлимларда тахминий ҳисоб-китобларга таянилгани айтилган.
Ўзбекистоннинг янги президенти Шавкат Мирзиёев расман қудратга келишидан қисқа вақт ўтмай, мамлакат Қуролли Кучлари мавзусига эътибор қаратган.
Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясининг 420 танки, 715 зирҳли техникаси, 880 замбараги бор.
Ўзбекистон ҳаводан мудофаа тизимидаги жаъми самолётлар сони 179, вертолётларники эса, 73 донага етган.
Global Firepower Index рейтингига кўра, Ўзбекистон армиясининг мунтазам ҳарбийлари сони 76500 кишини, заҳирадаги ҳарбийлар сони 20 минг кишини ташкил этади.
Ўзбекистоннинг йиллик мудофаа харажатлари бу йил ҳам 70 миллион долларлигича қолган.
Аммо мамлакатнинг ташқи қарзи бироз ортиб, 16 миллиард доллардан зиёдни ташкил этгани кўрсатилган.
Ўзбекистон мамлакат мустақиллигидан кейин профессионал армия тузишга қарор қилган.