Бобомурод Абдуллаев ДХХ ҳибсхонасидан Президент Мирзиёевга мурожаат йўллади
Усмон Ҳақназаров номи остида мақолалар ёзган ва айни дамда давлатни ағдаришда айбланиб маҳкамаси давом этаётган Бобомурод Абдуллаев адвокати орқали Шавкат Мирзиёевга мурожаат йўллади. Мактубда у ўзини тергов қилган МХХ ходимлари Шавкат Мирзиёев сиёсатига қарши эканлигини таъкидлаган.
Мактуб Оллоҳнинг номи ва унга ҳамд ўқиш билан бошланади.
Журналист шу кунгача тирик қолаётгани учун хурсанд эканлигини айтган. Тирик қолишида аввало, Худо ва сўнгра Шавкат Мирзиёевнинг Ўзбекистонда олиб бораётган ислоҳотлари сабаб эканлигини таъкидлаган.
"Очиғни айтаман: агар мен Ислом Каримов даврида қўлга олинганимда на МХХ ертўласидан на терговдан тирик ёки соғ чиқишим даргумон эди. Каримов даврида менга ўхшаганларни ертўлада ўлдириб, асфалт йўлнинг тагига кўмиб юбориш ёки майиб-мажруҳ қилиш урфга кирган эди", дейилади унда.
Бобомурод Абдуллаев МХХ ходимларини ёмон кўришини айтган. Бироқ шунга қарамасдан МХХ ходимларидан уч нафари Мажид, Қобил, Элмурод исмли шахслар уни қийноққа солишганини билдирган. Бошқа терговчилар эса унинг оиласи ва яқинларини ўлдириб юбориш билан таҳдид қилган ва журналистнинг шаънига ҳақоратли сўзларни айтган.
"МХХнинг мана шу ходимлари билан юзма-юз келганимда улар Ўзбекистонда Сизнинг ташаббусингиз билан бошланган эркинлаштириш сиёсатига тиш-тирноқлари билан қарши эканликларини ўз кўзим билан кўрдим ҳамда шу ҳолат ҳақида 2017 йилда ёзган мақолаларим ("Усмон Ҳақназаров" тахаллуси остида ёзган мақолаларим) тўғри эканлигига яна бир бор амин бўлдим", дейди Бобомурод Абдуллаев.
У терговчи Александр Веселов хонасида собиқ СССР НКВДси раҳбарларидан бири Феликс Дзержинскийнинг сурати ва "қизил чекист"га тегишли ибора туширилган тақвим осилиб турганига гувоҳ бўлганини ёзган.
"Ахир, бутун Иттифоқ бўйлаб, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам болшевик босқинчиларга қарши курашган уламою фидоийларни, бою камбағалларни қатағон қилиш ишларнинг бошида Дзержинский турган эмасмиди", дея савол беради журналист.
Бобомурод Абдуллаев уни тергов қилган МХХ ходимлари Шавкат Мирзиёев бошлаган ислоҳотларга қарши эканлигига гувоҳ бўлганини айтган.
"Хусусан, Володя, Ўлмас, Қобил, Элмурод ва Мажид менга: "Сен ёқтирган президентингнинг либерал сиёсати Ўзбекистонни хаос ва тартибсизликларга олиб келади", дейишдан чарчамадилар", деб ёзган у.
Журналист МХХ ҳибсхонасида ўтган ойлари давомида хафвсизлик хизмати ходимларининг ўз ишига нопрофессионал ёндашганига гувоҳ бўлганини таъкидлаган.
У МХХ терговчилари хорижда юрган бир гуруҳ журналист ва мухолифат фаолларига нисбатан тўқима кўрсатмалар ёздириб олганини айтган.
Бобомурод Абдуллаев МХХ томонидан унга нисбатан қўйилган "Конституцион тузумни ағдариш учун тил бириктириш" айбини тўқима эканлигини айтган.
Иш давомида терговчилар томонидан йўл қўйилган бир неча мантиқсиз ҳолатлар ва хатоларни келтириб ўтган.
"Хусусан, устимдан қўзғатилган жиноий иш материаллари ичида тўртта қалбаки ва икки шубҳали ҳужжат бор", дейди Бобомурод Абдуллаев.
"Жатва" ("Ўрим") лойиҳаси мен МХХ ҳибсхонасидалигимда ёзилган, деб таъкидлайди журналист.
- Ҳа, ушбу лойиҳа айнан мен МХХнинг тергов ҳибсхонасида ўтирган пайтимда, аниқроғи, 2017 йил 14 октябрда "JTV-polniy" деган файл шаклида яратилганлиги судга тақдим қилинган электрон ахборот дискларидан бирида акс этган.
Бобомурод Абдуллаев Усмон Ҳақназаров номи остида тергов материалларида кўрсатилганидек, 2012 йилдан бошлаб эмас, балки 2003 йил январидан ёза бошлаганини айтган.
У, шунингдек, Усмон Ҳақназаров номи остида ёзилган барча мақолалар унга тегишли эмаслигини айтган.
Жумладан, Ўзбекистон Халқ Ҳаракати сайтида Усмон Ҳақназаров номи остида ёзилган 7 мақола унга тегишли эмаслигини кўрсатган.
"Бундай соxта "Усмон Ҳақназаров"ларга қарши мен ҳеч қачон раддия билдирмаганман. Чунки шундай раддиялар менинг шахсимни фош қилиб қўйиши мумкин эди. Бундан ташқари, мен "Усмон Ҳақназаров" тахаллусини ҳеч қачон қаттиқ қизғанмаганман," деган у.
Журналист Бобомурод Абдуллаев Мирзиёев ташаббуси билан амалга оширилаётган ислоҳотлар, унинг устидан қўзғатилган жиноий ишда адолатли ҳукм чиқарилишига умид берганини айтган.
"Юртимизда ташаббусингиз билан шундай эзгу ишлар амалга оширилаётган экан, устимдан қўзғатилган жиноий иш судда одилона кўрилади ва менга нисбатан одил ҳукм чиқарилади, деб умид қиламан".